Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси қидирув шуъбаси ходимлари томонидан олиб борилган навбатдаги тезкор тадбир давомида банк гаровидаги транспорт воситаси топилди.
Аниқланишича, Фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судининг қарорига кўра, даъвогар “Капиталбанк” фойдасига жавобгар Д. М. дан кредит ва унинг фоизларидан 306 миллион сўм ундириш белгиланган. Мазкур ижро ҳужжати Бюронинг Чортоқ тумани бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро ҳаракатлари олиб борилган. Яъни қарздор фуқаро ихтиёр муддатда суд қарорида кўрсатилган маблағни тўлаб қўйиш юзасидан огоҳлантирилган.
Бироқ шунга қарамай қарздор “Оларда кирар жоним, берарда чиқар жоним” қабилида иш тутиб, мажбуриятини бажармаган. Маълум бўлишича, қарздор Д.М. қарздорликни тўлаш у ёқда турсин, машинани беркитиб юрган. Ўтказилган тадбир давомида “KIA” русумли машина топилиб, жарима майдончасига жойлаштирилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири