Округ ҳарбийлари мусобақаси
Мудофаа вазирлигининг Термиз умумқўшин дала полигонида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи қўшинлари ҳарбий хизматчилари ўртасида “Ўз касбининг устаси” ҳамда “Мен ғолиб” шиори остида ўтказилаётган мусобақанинг округ босқичига старт берилди.
Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида кейинги йилларда мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида атрофлича фикр юритилди. Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи қўшинларида жанговар тайёргарлик даражасини ошириш, ҳарбий қисм ва муассасалардаги мутахассисларнинг назарий ва амалий кўникмаларини такомиллаштириш, шахсий таркиб ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга қаратилган мазкур беллашув ҳам ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилаётгани таъкидланди.


Шунингдек, ҳарбий хизмат нуфузини ошириш, қўшинларда замонавий ҳарбий анъаналарни шакллантириш, ҳарбий хизматчилар қалбида танлаган касбига, она Ватанига ҳурмат ва ватанпарварлик руҳини кучайтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
Мусобақани Жанубий-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг жанговар тайёргарлик бўйича ўринбосари, полковник Собиржон Байбабаев, округ қўшинлари қўмондонининг буйруғи билан тайинланган масъул офицерлардан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб бормоқда.


Қизғин баҳсларга бой бўлаётган беллашувда “Энг илғор сержант”, “Энг илғор гуруҳ командири”, “Энг илғор взвод (батарея) командири”, “Энг илғор батальон (дивизион) командири”, “Энг илғор бригада командири” ҳамда “Мен ғолиб” шиори остида “Мерганлар марраси”, “Отлиқ марафон” ва “Хавфсиз муҳит” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланади.
Иштирокчилардан жисмоний, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича компьютер орқали тест синовлари ҳам қабул қилинади. Кўрик-танлов жорий йилнинг 24 сентябрь куни якунланади. Ғолиблар мусобақанинг мамлакат босқичига йўлланма олади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири