Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан маҳсулотлар экспорти прогнозлари муддатидан аввал бажарилишига эришилди.
Жумладан, 2024 йил январ-октябрь ҳолати бўйича прогноз 118,3%га бажарилиб, 535 917 000 долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилди. Эътиборли жиҳати 11 ойга белгиланган прогноз 10 ойда бажарилишига муваффақ бўлинди. 11 ой учун 501 645 000 долларлик маҳсулот экспорт қилиш кўзда тутилган эди.
Маълумот учун шуни айтиш мумкинки, 2024 йилда ОКМКнинг олдига 550,0 млн долларлик маҳсулотлар экспорт қилиш прогнози белгиланган. ОКМК Сотиш ва металлургия хом-ашёларини етказиб бериш бошқармаси масъулларининг маълум қилишича, жорий йилнинг 15 ноябрь кунига қадар йиллик экспорт прогнози муддатидан аввал бажарилиши кутилмоқда. 2024 йилнинг 10 ойида хорижга 46 543 тонна мис маҳсулотлари юборилиб, ушбу йўналишда прогноз 144,5%га адо этилган.
Рений (115,0%), мис купороси(150,2%), молибден маҳсулотлари(105,0%), қўрғошин концентрати(111,6%) маҳсулотлар экспорти прогнози ошиғи билан бажарилган. Шунингдек, рух маҳсулотлари, кадмий, палладий кукуни каби маҳсулотлар экспортида ўсиш суръатига эришилган. Йилдан йилга ОКМК экспорт географияси кенгайиб бормоқда. Ҳозирда комбинат маҳсулотлари 19 та давлатга экспорт қилинмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда хом ашёдан юқори қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Юртимизда қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш жадал ривожланиши оқибатида ички бозорда мисга бўлган талаб кундан-кунга ошиб бормоқда. Шунингдек, комбинатда қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда.
ОКМК Ахборот хизмати