Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг 75-йиллиги арафасида “Ўзбекистон технологик материаллар комбинати” меҳнат жамоаси муддатидан аввал экспорт прогноз режасини бажарди.
Меҳнат жамоасига 2024 йилда 31 050 минг АҚШ доллари миқдорида саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш вазифаси белгиланган эди. Режага кўра, йил давомида корхона 30 000 минг АҚШ доллари миқдорида 750 тонна молибден металли ҳамда 1 050 минг АҚШ доллари миқдорида 30 тонна вольфрам металли ишлаб чиқариши лозим эди. Бугунги кун ҳолатига 28 060,58 минг АҚШ доллари миқдорида 567,87 тонна брикет шаклидаги молибден металли, шунингдек, 3 304,07 минг АҚШ доллари миқдоридаги 61,98 тонна штабик молибден металли экспортга юборилган. Жами шу кунгача 31 364,65 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар экспорт қилинди, ва прогноз режаси муддатидан олдин 101 фоизга бажарилди.

Корхонанинг бу зафарли одимлари ОКМК юбилей айёмига ўзига хос туҳфа бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Маълумот учун: Чирчиқ шаҳрида жойлашган ушбу корхонада кукунли металлургия усули билан вольфрам ва молибден чуқур қайта ишланиб, турли хил маҳсулотлар, қотишмалар ишлаб чиқарилади. Бундан ташқари, чидамли шамотли ғиштлар, керамик маҳсулотлар, турли асбоб-ускуналар ҳам тайёрланади. Корхонада кўплаб янги турдаги маҳсулотлар олинишига эришилган. Хусусан, ферромолибден ишлаб чиқариш, қурилиш учун қуруқ аралашма, қаттиқ қотишмали подшипниклар, октамолибдат аммоний, титан-тантал қаттиқ қотишмаси, юқори гидропеневматик плиталар ишлаб чиқарилмоқда.
ОКМК Ахборот хизмати