Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 17-турини бошлаб берган “Пахтакор” ва ОКМК жамоалари ўртасидаги ўйин кескин ва муросасиз ўтди.
“Жар” стадионида ўтган ушбу ўйинда ОКМК 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Мазкур жамоага муҳим ғалабани тақдим этган голларга Рубен Санчес муаллифлик қилган бўлса, “Пахтакор” клубининг ягона голи 47-дақиқада Игор Сергеев томонидан киритилди. Шу тариқа, ОКМК очколарини 33 тага етказиб олди, “Пахтакор” эса 29 очко билан қолди.

Бугун, 6 август куни 17-турдан ўрин олган “Навбаҳор” – “Сўғдиёна” ва “Машъал” – “Динамо” жамоалари ўзаро рақобатлашади.
Шу ўринда, Намангандаги “Марказий” стадионида соат 19:00 да бошланадиган “Навбаҳор” – “Сўғдиёна” жамоаларининг ўзаро ўйинлари статистикасини келтириб ўтсак.
Бу галги ўйин ушбу жамоаларнинг миллий чемпионатимиздаги 60- учрашувидир. Бугунга қадар ўтган 59 та ўйиннинг 28 тасида “Навбаҳор” ғалаба қозонган бўлса, 23 та ўйинда “Сўғдиёна” зафар қучган. Қолган 8 та баҳс дуранг билан якунланган. Тўплар нисбати - 98/70 Наманган шаҳри клуби фойдасига.
Дарвоқе, Суперлиганинг биринчи даврасида “Сўғдиёна” ўз майдонида “Навбаҳор”га 2:3 ҳисобида мағлуб бўлган. Айни дамда чемпионат жадвалида водий клуби 27 очко билан 7-поғонада бораётган бўлса, Жиззах клуби 16 очко билан 12-ўриндан жой олган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА