Олмалиқ кон-металлургия комбинати тасарруфида бешта болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолият юритади. Уларда жорий йил ёз мавсумида жами 4 200 нафар ўғил-қизлар мароқли дам олиши учун кенг кўламли тайёргарлик ишлари олиб борилди.
Бўстонлиқ туманидаги “Металлург” БСОда бу йилги мавсум расман 11 июнь санасидан бошланди. Ушбу оромгоҳ мавсум давомида 4 та сменада жами 800 нафар болажонларни ўз бағрига қабул қилади. Бўстонлиқ туманидаги “Гулзор” оромгоҳи эса бу йилги фаолиятини 13 июнь санасидан бошлади. Бу йилги мавсумда 1800 нафар болажонлар дам олиши кўзда тутилган.
Жиззах вилоятининг Зомин тоғлари орасида жойлашган “Истиқлол” БСОда эса мавсум 9 июнь санасида бошланди. Ушбу оромгоҳда ҳам 800 нафар болажонлар дам олиши режалаштирилган.
[gallery-24134]
Пискент туманидаги “Тонг” БСОда мавсумга қизғин тадорик кўрилиб, бу ерда мавсум 14 июндан бошланди. Мавсум давомида оромгоҳда 600 нафар ўғил-қиз ёзги таътилни мароқли ўтказади.
Бундан ташқари, Сурхон воҳасида жойлашган Хондиза кон бошқармаси ишчи-ходимларининг фарзандларига хизмат кўрсатувчи “Хондиза-Парвоз” оромгоҳида мавсум 1 июлдан бошланди. Бу йилги мавсумда оромгоҳ ўз бағрига 200 нафар болажонни қамраб олади.
Эътиборлиси шундаки, ташкилотчилар томонидан барча оромгоҳларда ҳар бир кунга алоҳида тадбирлар ташкил этилмоқда. Болаларнинг қизиқишларини инобатга олиб, смена давомида улар учун турли интеллектуал, тарбия ва спорт-соғломлаштириш, экологик, санъат ҳамда техник ижодкорлик, бадиий ижодиёт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилди. Китобхон болалар учун эса бой китоб фондига эга кутубхоналар мавжуд. Бу масканларда болалар нафақат дам олади, балки жисмоний ва маънавий жиҳатдан ҳам ўсишларига имконият яратилган.
Болажонлар саломатлиги ҳам малакали шифокор ва ҳамширалар назоратида.
Оромгоҳларда дам олаётган келажагимиз ворисларининг соғлом овқатланишлари доимий назоратда бўлиб, овқатланиш рационига витаминли, калорияли маҳсулотлар киритилган. Яна бир эътиборли жиҳати боқувчисини йўқотган, кам таъминланган ва кўп болали оилаларнинг 58 нафар фарзандлари учун ҳам 1- ва 2-сменага бепул йўлланмалар ажратилди.
Бир сўз билан айтганда, комбинат ишчи-ходимларининг фарзандлари ёзги таътилни мароқли ўтказмоқда.
ОКМК Ахборот хизмати