ОКМК: маҳаллийлаштириш дастури амалда
Олмалиқ кон-металлургия комбинатида маҳаллийлаштириш дастури самарали амалга оширилмоқда. Жумладан, 2024 йилнинг январь-февраль ойларида 223 та лойиҳа бўйича 239,3 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Белгиланган режа 112,1 фоизга бажарилган. Аҳамиятли жиҳати маҳсулотларнинг импорт ўрнини босиш самарадорлиги 19,2 миллион долларни ташкил этди.
Янги лойиҳалар бўйича 178,2 миллиард сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Корхоналар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, Марказий таъмирлаш механика заводида 98 та лойиҳа бўйича 10,6 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш илмий бирлашмаси томонидан 31 та лойиҳа бўйича 21,3 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланган. Шунингдек, 3-мис бойитиш фабрикаси қурилиши бўйича 98,8 миллиард сўмлик, портловчи моддаларни ишлаб чиқариш бўйича 37,1 миллиард сўмлик ҳамда 8 та механик таъмирлаш участкалари томонидан 5,3 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган. Ўтган икки ойда маҳаллийлаштириш дастурига киритилган маҳсулотлардан 1,1 миллион долларлик маҳсулотлар экспорти ҳам амалга оширилди.

Саноат кооперацияси ва “шатакка” олиш тизими орқали январь-февраль ойларида маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналардан 166,9 миллиард сўмлик маҳсулотлар харид қилиниб, прогноз 132 фоизга бажарилди. Қўшимча равишда ўзлаштириладиган янги турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш бўйича ҳам самарали ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан комбинат томонидан аввал импорт қилинган маҳсулотларни ўзлаштириш мақсадида “Олмалиқ қуюв механика заводи” МЧЖда 40 турдан ошиқ (300 млрд сўм) қуйма маҳсулотларни ишлаб чиқариш бошланди. “DIT AGMK” қўшма корхонасида турли геокомпозит, полимер ва стеклопластик, қувур ва сиғимларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди (32,4 млрд сўм). Бундан ташқари, “Intercon Roollers” қўшма корхонасида конвейер роликларини ишлаб чиқариш жорий йилнинг иккинчи ярмида ишга туширилиб, ойига 15 минг дона ролик ишлаб чиқаради ва комбинатнинг талабини тўлиқ қондиради.

“Avantec” қўшма корхонасида германиялик ҳамкорлар билан дастгоҳлар ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида қурилиш ишлари якунланди. Бугунги кунда ускуналарни олиб келиш ва ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. ОКМКда 2024 йилда маҳаллийлаштириш дастури доирасида 268 та лойиҳа бўйича 1 502,3 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.
ОКМК ахборот хизмати