ОКМК: ишлаб чиқариш ҳажми янада ортади
Саноат корхоналарида ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш юқори самарадорликка эришишни таъминлайди.
Олмалиқ кон-металлургия комбинатида умумий қиймати 357,5 миллион АҚШ доллари бўлган “ОКМК асосий ишлаб чиқариш қувватларини реконструкция қилиш ва барқарорлаштириш” дастури амалга оширилмоқда. Дастур доирасида комбинатнинг Мис бойитиш фабрикаси учун модернизация ишларига 179,4 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилади.
Дастурга мувофиқ, фабриканинг майдалаш ва янчиш бўлимларида майдалагичлар, ғалвирлар тўлиқ алмаштирилиб рудани қайта ишлашда бирламчи кўзланган натижаларга эришилди.

МБФ техник ишлаб чиқариш бўлими етакчи муҳандиси Шаҳзод Юлдашевнинг маълум қилишича, янчиш ва флотациялаш цехида янги, йилига 4 миллион тонна қайта ишланган маъданларни бойитиш кувватига эга 7-сонли моносекция қурилмоқда. Ҳозирда асосий технологик ускуналарни монтаж килиш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу моносекцияни 2022 йил 31 март куни ишга туширилиши режалаштирилган. Моносекцияга янги флотокамералар олиб келинган. Флотация жараёни 21 дақиқадан 25 дақиқага узайиб, маҳсулот олиш унумдорлиги ошади. Бундан ташқари, 2022 йилда тўлиқ ишга тушиши режалаштирилган 5-сонли флотацион моносекцияни кенгайтириш ишлари ҳам жадаллик билан олиб борилмоқда. Ҳозирда ер тайёрлаш ишлари бажарилаяпти. Барча зарур технологик ускуналар келтирилб, пудратчи ташкилотлар жалб қилинган.
Дастур доирасида МБФ янчиш ва флотация цехининг 7-моносекциясида энг замонавий автоматлаштирилган ускуналар жамланмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда ягона бўлган “зоркий глаз”, яъни “ўткир кўз” деб номланган янги ускуна ўрнатилмоқда. Бу ускуна флотаторлар иштирокисиз, махсус ўрнатилган камералар орқали флотация жараёнларини назорат қилиш имконини беради. Флотация жараёнларида ҳосил бўлган пуфакчаларнинг рангига, ўлчамига қараб, флотамашинанинг ўзи керакли чораларни кўради.

Масалан, озроқ реагент қўшиши мумкин ёки бўлмаса флотакамера ичидаги бўтананинг миқдорини камайтириши ёхуд кўпайтириши мумкин. Бу эса технологик жараёнда реагентларни рационал ишлатиш, маъданлар орасидан мисни ажратиб олиш бўйича юқори самарадорликка эришиш имконини беради. Шунингдек, Мис-молибден концентратларини саралаш ва қуритиш цехида янги қуюлтиргичлар қурилаяпти. 4 дона янги замонавий турдаги қуюлтиргичнинг афзалликлари шундаки, тўлиқ автоматлаштирилган, қуюқ чўкиндини аралаштирувчи ускуна(ферма)си марказий юритгичдан ҳаракатга келтирилади ва ушбу аралаштирувчи ускуна х ордината ўқи бўйлаб ҳаракатлана олади. Натижада қуюлтириш жараёнидан кейинги фильтрлаш жараёни учун белгиланган намлик кўрсаткичи бир меъёрда узлуксиз бажарилиб, иш унумдорлиги 30 фоизга ошади. Бу қуюлтиргичлар 2022 йилнинг охиригача фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, Ц-28 қуюлтиргичини реконструкция қилиш ишлари амалга оширилади. Олиб борилаётган модернизация ишлари мазкур корхонага юклатилган 37 миллион 500 минг тонна рудани қайта ишлаш вазифасини ҳамда рудадан мисни ажратиб олиш даражасини 86,71 фоизга етказишда ва бошқа металлар бўйича қўйилаётган талабларни сифатли бажариш имконини беради.
ОКМК ахборот хизмати,
ЎзА