“ОКМК” АЖ Миллий малака тизими иштирокчилари Республика танловида “Энг фаол иш берувчи ташкилот” деб топилди
Миллий малака тизимини ривожлантириш йўлидаги фаолият, ташаббус ва ҳамкорлик самаралари яна бир бор эътироф этилди. Миллий малака тизими иштирокчилари ўртасида ўтказилган Республика танловининг якуний босқичи натижаларига кўра, иккита номинация бўйича ғолиблар аниқланди.
Танлов иштирокчиларининг фаолияти тақдим этилган ҳужжатлар асосида, Низомда белгиланган баҳолаш мезонларига мувофиқ 100 баллик тизимда баҳоланди. Ҳар бир иштирокчининг якуний натижаси Танлов комиссияси аъзолари томонидан қўйилган балларнинг ўртача қиймати асосида шакллантирилди.
“Энг фаол касбий малакаларни ривожлантириш бўйича тармоқ кенгаши” номинациясида Тоғ-кон саноати, геология ва минерал ресурслар соҳаларида касбий малакаларни ривожлантириш бўйича тармоқ кенгаши юқори натижаларни қайд этди.
“Энг фаол иш берувчи ташкилот” номинациясида “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ ғолиб деб топилди. Корхонанинг тегишли тармоқ кенгаши билан йўлга қўйган мунтазам ҳамкорлиги, соҳанинг амалий эҳтиёжларидан келиб чиқиб касбий стандартларни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш жараёнларидаги фаол иштироки юқори баҳоланди. Миллий малака тизимини ривожлантиришга қаратилган таклиф ва ташаббуслари эса ташкилотнинг ушбу йўналишдаги масъулиятли позицияси ҳамда амалий ҳиссасини намоён этди.
Танлов ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими Швейцария томонидан молиялаштирилаётган “SKILL-UP” лойиҳаси билан ҳамкорликда жорий йилнинг 26-ноябрь куни Тошкент шаҳридаги Wyndham Tashkent меҳмонхонасида ўтказилади.