Олмалиқ кон-металлургия комбинати 2024 йилда бизнес режада белгиланган барча ишлаб чиқариш кўрсаткичларини бажарди. Хусусан, 38,1 триллион сўмлик товар маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, режа 116,1 фоизга бажарилган. Шунингдек, 7,5 миллиард сўмлик халқ истеъмоли моллари тайёрланган.
Бу ҳақида Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан 2024 йилда амалга оширилган ишларга бағишланган брифингда батафсил маълумот берилди.
ОКМК ахборот хизмати раҳбари Умида Қаршибоеванинг таъкидлашича, мис рудасини қазиб олиш вазифаси 101,6 фоизга бажарилиб, +104,5 фоизлик ўсиш суръатига эришилган. Мис хом ашёсини қайта ишлаш бўйича режа 100,1 фоизга бажарилиб, ўсиш суръати +101,6 фоиз бўлган. 2024 йилда ўз хомашёсидан комбинат тарихида биринчи маротаба 130 минг тонна мис ишлаб чиқариш эвазига рекорд натижа қайд этилди. Ушбу натижа 2017 йилга нисбатан 23,7 минг тоннага зиёд бўлган. Бундан ташқари, ўз хомашёсидан рух ишлаб чиқариш вазифаси 117,1 фоизга уддаланган. Полиметалл рудаларни қазиб олиш ва уларни қайта ишлаш режаси эса 100,5 фоизга бажарилган.

Шунингдек, олтин таркибли рудаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш ҳамда мис купороси, техник селен ва теллур, перренат аммоний, палладий кукуни эмалланган мис симлар, молибден 3 оксиди, сульфат кислотаси каби маҳсулотларни ишлаб чиқариш вазифаларининг бажарилиши ҳам таъминланган.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ҳам Олмалиқ кон-металлургия комбинатида самарали ишлар амалга оширилган. 2024 йилда 268 та лойиҳа бўйича 1 триллион 567 миллиард сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, белгиланган прогноз 103 фоизга бажарилган. 2023 йилга нисбатан ўсиш 3,6 баробарни, импорт ўрнини босиш самарадорлиги 121,5 миллион долларни ташкил қилган.
Комбинатда 2024 йилда маҳсулотлар экспорти борасида ҳам ижобий натижалар қайд этилган. 610,9 миллион долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилиб, прогноз 111,1 фоизга бажарилган. Маҳсулотлар кесимида таҳлил қилинадиган бўлса, ўтган йили хорижлик ҳамкорларга 51 698 тонна мис, 28 859 тонна рух маҳсулотлари экспорти амалга оширилган. Бундан ташқари, қўрғошин концентрати, молибден, рений, кадмий, мис купороси, палладий кукуни каби маҳсулотлар экспортида ҳам кўзланган натижага эришилган.
У.Қаршибоеванинг маълум қилишича, комбинат томонидан инвестиция дастури бўйича ўтган 2024 йилда 1 миллиард 943,9 миллион доллар маблағ ўзлаштирилиб, прогноз 103,2 фоизга бажарилган. Рақамлаштириш бўйича 31 та чора-тадбирлар амалга оширилиб, 92 миллиард 550 миллион сўм маблағ иқтисод қилинган. Маҳсулот таннархини камайтириш бўйича амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар ҳам ўз самарасини берди. Бу борадаги прогноз 1 триллион 329,5 миллиард сўм яъни жами харажатларнинг 10,03 фоиз миқдорида белгиланган бўлса, ҳисобот даврида маҳсулотлар таннархи 1 триллион 670,5 миллиард сўм ёки жами харажатлар 12,6 фоиз миқдорида камайтирилди. Прогноз 125,7 фоизга бажарилди.
ЎзА