ОКМК: 2022 йил самарали якунланди
Олмалиқ кон-металлургия комбинати меҳнат жамоаси 2022 йилни самарали якунлади. Ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш, янги технологияларни жорий этиш, янги турдаги маҳсулотларни кашф қилиш ва йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш баробарида ОКМК томонидан белгиланган барча вазифалар бажарилишига эришилди.
Хусусан, 2022 йилда комбинат томонидан 30,5 триллион сўмлик товар маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, режа 108,3 фоизга бажарилди. Шу жумладан мис катоди, олтин, кумуш, рух металли, олтингугурт кислотаси ва бошқа маҳсулотлар бўйича прогноз кўрсаткичлари 100 фоизга бажарилиши таъминланди.
[gallery-10189]
Инвестиция дастури доирасида 788,8 миллион доллар маблағлар ўзлаштирилиб, ўтган йилга нисбатан 1,7 баробарга ўсиш суръатига эришилди. Жорий йилда Инвестиция дастуридаги лойиҳалар доирасида умумий қиймати 1 251,1 миллиард сўмлик 15 та объект, Нодир металлар ишлаб чиқариш бирлашмасида умумий қиймати 40,8 миллиард сўмлик 5 та объект ҳамда ижтимоий соҳада умумий қиймати 116,1 миллиард сўмлик 5 та объект фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, Рақамлаштириш дастури доирасида технологик жараёнларни автоматлаштиришга қаратилган 48 та ахборот тизимлари жорий қилинди.
Экспорт бўйича 947,5 миллион долларлик маҳсулот реализация қилиниши натижасида режа 110,8 фоизга бажарилди. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 334,1 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, прогноз 141 фоизга бажарилди. Шунингдек, 2022 йилда ОКМК томонидан бюджетга рекорд даражада – 18,6 триллион сўм тўловлар амалга оширилди. Яна бир муҳим жиҳат комбинат 2022 йилни 6,2 триллион сўм соф фойда билан якунлади. 2023 йилда комбинат 100 миллион тонна рудани қайта ишлашни режалаштирган.
ОКМК Ахборот хизмати
ЎзА