Ҳокимлар айбсиз айбдорми ёхуд...
Билганлари эса ўз билганидан қолмайди.
Кейинги вақтларда фермерларнинг ери ноқонуний тарзда олиб қўйилаётганлиги ҳақидаги хабарлар кенг тарқалмоқда.
Ана шундай шикоятларни ўрганиш жараёнида бундай ҳолатни олдини олиш ва қарши чораларни кўриш борасида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳуқуқшуноси Чорихон ҚОДИРОВ билан суҳбатлашдик.
̶ Амалиётдан ва мавжуд аҳволдан келиб чиқиб гапирадиган бўлсам, фермер ери ноқонуний олиб қўйилишига қарши курашнинг энг оддий йўли туман ҳокимлигининг тегишли ходимларига ерга оид қонунчиликни ўргатиш, саводхонлигини ошириш керак, ̶ дейди Ч.Қодиров. ̶ Чунки, туман ҳокимлиги атрофидаги ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими, қишлоқ хўжалиги бўлимлари ҳамда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ходимлари туман ҳокимининг ерга оид ва фермер хўжаликларининг тақдири билан боғлиқ қабул қилинадиган қарорлар лойиҳаларини тайёрлаб амалиётга жорий қилишда бевосита иштирок этади. Ваҳоланки, бу тизимларнинг айрим ходимлари ерга оид қонунчилик тартибларини яхши билмайди.
Билганлари эса ўз билганидан қолмайди. Бу билан Ер кодексининг 6. 24, 36, 38,58 моддаларининг талабларига риоя қилмасдан, қўполроқ қилиб айтсак ҳалққа ҳам, давлатга ҳам хиёнат қилмоқдалар. Ер кодексининг бу тартибларига амал қилмасдан туман ҳокимларини чалғитиб, ҳужжатлар расмийлаштириб ҳоким қарорини чиқишига эришмоқдалар. Ҳокимлар эса айбсиз айбдор бўлиб қолмоқдалар. Шунинг учун бу тизимлар ҳокимни алдамасдан, кўзбўямачиликка йўл қўймасдан ерга оид қонунларда кўрсатилган тартибларга риоя қилиб ҳужжатлар расмийлаштиришни ўрганиши ва шунга қатъий риоя қилишлари керак.
̶ Билишимча, Ер кодексида фермернинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинади. Сиз келтираётган моддаларда ҳам. Мисол учун, 24 моддада фермер хўжалигининг бошлиғи ердан фойдаланишдан ихтиёрий тарзда воз кечган ҳолдагина ер ижара шартномаси бекор қилиниб ери захирага олиниши керак.
̶ Албатта. Бу кодекс ер эгаларини ҳимоя қилади. Энди фермернинг ердан воз кечиши ихтиёрийми ёки сохта йўллар билан ариза ёздириб олинаяптими? Аввалом бор шунинг ҳақиқийлигини атрофлича ўрганиш керак бўлади. Сўнгра фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари хулоса бериши керак. Бу Ер кодексининг 24, 36 моддаси талаби ҳисобланади. Аниқ қилиб кўрсатилган бу қоидаларга фақат амал қилинса бўлгани. Агар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ижобий хулосаси бўлмаса, фермер хўжалигининг ерини захирага олиниши тўхтатилиши керак.
Республикамизда эса бунинг акси, яъни кадастр тизими, қишлоқ хўжалиги бўлими ходимлари фермерлар кенгашининг бундай хулосасини инобатга олмасдан, сохта қарор лойиҳалари тайёрлаб тақдим этиш ҳолатлари авжига чиққан. Натижада Президентнинг тегишли қарори ва бунинг устига Ер кодексининг 24, 36 моддаларига риоя қилинмасдан фермер хўжаликларининг ер майдонларини ноқонуний тарзда захирага олиб қўйилмоқда. Айтиш керакки, Ер кодексининг 24, 36 моддасида кўрсатилганидек, шартнома интизомини бузган фермер хўжалигига нисбатан қонунда кўрсатилган тартиб ва таомиллар доирасида чора кўриш ҳам мумкин. Бунинг учун ҳужжатлар расмийлаштирилиб судга даъво аризаси киритиш, суднинг қарори орқали ер ижара шартномасини бекор қилиш мумкин.
Бироқ, бу тартибларга ҳам тўлиқ амал қилиняпти деб бўлмайди. Туман ҳокимларининг Ер кодексига ва соҳага тегишли бошқа ҳужжатлар талабларига риоя қилмасдан фермер хўжаликларининг ер майдонларини захирага олиш мумкин эмаслиги тўғрисидаги нормаларга тўлиқ риоя қилмаётганликлари очиқчасига кўриниб турган бўлсада, уларга нисбатан қонунда кўрсатилган таъсир чоралари етарлича қўлланилмаяпти. Сабаби, жойларда прокурорлик назорати етарлича эмас. Прокурор сектор аъзоси. Улар ҳокимнинг қарорига нисбатан ҳуқуқий муносабат билдиришга айрим ҳолатларда ҳайиқаётгани ҳам сир эмас. Шунинг учун бундай қарорларга нисбатан протест киритиб қонунчиликни таъминлашига журъати сусайган. Бундан эса асосан кадастр ва қишлоқ хўжалиги бўлимлари «унумли» фойдаланиб қолмоқдалар. Уларни ҳеч ким тартибга олмаётгани қўл келмоқда.
̶ Шу кунларда фермер хўжаликларига ижара шартномасини ўз вақтида бермасдан белгиланган тартиб ва таомилларга тўлиқ амал қилинмаётганлик ҳолатлари ҳам ортиб бормоқда. Аслида ижарага бериш тартиби қандай?
̶ Фермер хўжалиги ташкил этиш ҳам, ерни ижарага бериш тартиблари ҳам қонунчилик билан мустаҳкамлаб қўйилган. Мисол учун, "Фермер хўжалигини юритиш учун ер участкаларини беришда танлов ғолибини аниқлаш тартиби тўғрисидаги Низом" талабига кўра талабгор лойиҳада ғолиб деб топилса, унга туман ҳокимининг ер бериш тўғрисида қарори қабул қилинади.
Туман ҳокимининг бу қарори уч кун ичида тасдиқлаш учун вилоят ер бериш ва уни реализация қилиш комиссиясига юборилиши керак. Вилоят комиссиясидан туман ҳокимининг ушбу қарори тасдиқланиб келгандан сўнг беш кун ичида туман ҳокими билан фермер хўжалиги ўртасида ер ижара шартномаси тузилиши, кадастр бўлими фермер хўжалиги бошлиғига расмийлаштириб, давлат рўйхатидан ўтказиши керак. Фермер хўжалиги тўғрисидаги қонуннинг 11 моддасига кўра буни кадастр тизимлари бюджет маблағи ҳисобидан расмийлаштиради. Жойларда назорат етарли эмаслиги туфайли фермер хўжалигига ер ижара шартномаси ўз вақтида берилмай, ер эгаси сарсон бўлаётганлиги рост.
Бу билан фермер хўжаликларининг ерга эгалик ҳуқуқи сунъий тарзда чекланмоқда. Судлардаги тортишувларда бунга гувоҳ бўлиб келяпмиз. Ер ижара шартномалари фермер хўжаликларига ўз вақтида берилмаганлиги оқибатида туман ҳокимлари фермер хўжалигининг ер майдонларини истаган вақтда захирага олиб қўйишига, фермер мулкига тажовуз қилишга ва ерларини тортиб олишига имконият яратиб берилмоқда. Судларга даъво аризаси киритилганда эса фермер хўжалигининг ерга нисбатан эгалик ҳуқуқи мавжуд эмас, (ер ижара шартномаси мавжуд эмас) деган важ билан фермер хўжаликларининг ҳақ - ҳуқуқларини ҳимоя қилинишига тўсқинлик қилиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.
Туман ҳокимининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари ва ноқонуний қарорлари ноқонуний тарзда ҳимоя қилиниб, фермерларнинг поймол бўлган қонуний манфаатлари ҳимоясига тўсқинлик қилиш фактлари ҳам йўқ эмас. Айрим ҳолларда бундан прокурорлар хабардор бўлса ҳам, қонунбузарликлар очиқчасига кўриниб турган ҳолатда ҳам прокурорлик назорати ҳужжатини қўлламаётганлиги ҳам сир эмас. Судда иштирок этаётган прокурор ходимлари эса даъвони рад этиш тўғрисида музокара сўзи айтишдан нарига ўтолмай, қонунбузарликларни ўз вақтида ва етарлича бартараф этолмаяпти. Чунки, прокурор сектор бошлиғи. «4 та сектор қоидасига» кўра вазифасидан ажралиб қолишдан қўрқади.
̶ Сиз айтаётган фикрлар анча жиддийи айбловга ўхшайди. Бироқ, фермер хўжаликлари ва халқнинг ер билан боғлиқ муаммолари ва шикоятлари кундан-кунга кучайиб бормоқда. Ана шундай норозиликлар ва адолатсизликнинг олдини олиш учун қандай таклиф берган бўлардингиз?
̶ Аграр соҳада прокурорлик назоратини йўлга қўйиш учун прокурорни сектор аъзолигидан озод қилиб, ўрнига молия бўлимларини жалб қилиш керак. Молия бўлимларининг ҳам жойларда нуфузи баланд.
Ҳамма ташкилот эътироф этади ва ҳурмат қилади. Тўртта секторда муаммо чиққанида ички ишлар бўлими етарлича амалий ёрдам қилади. Умумий назорат назоратдек бўлиши керак. Қонунчилик бўйича назорат йўлга қўйилмас экан, ерга оид қонунчиликда кундан-кунга аҳвол ёмонлашади. Қуйи тизимларда йўл қўйилаётган қонунбузилишларни халқ кўриб билиб турибди ва кундан кунга норозиликлар ва ишончсизликлар кўпайиб кетмоқда. Ҳали ҳам кеч эмас. Мавжуд аҳволни яхшилашга ҳисса қўшишимиз керак.
Бунинг учун эса Ерга оид қонунчилик билан ишлайдиган барча тизимлар айниқса, кадастр фаолиятини етарлича назоратга олиш керак. Улар жуда кўплаб сохта ҳужжатлар қилмоқда, ерга оид ноқонуний қарорлар лойиҳасини тасдиқлатиб, жойларда ҳокимларнинг обрўсига путур етишига сабаб бўлмоқда. Кадастр ва соҳага тегишли бошқа тизим ходимлари ҳам ўзини, ҳам қонунчиликни алдамаслиги керак. Шу ер барчамизники, унга нисбатан муносабатимизни ўзгартирмасак келажак авлод бизни кечирмайди.
ЎзА мухбири Сайёра ШОЕВА суҳбатлашди