ОИТСга қарши бирга курашамиз
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали тиббиёт ходимлари томонидан “Биз ОИТСга қарши бирга курашамиз” шиори остида қатор тадбирлар ўтказилди.
Хусусан, филиалда мавзуга доир конференция ташкил этилиб, ОИТС касаллиги, унинг олдини олиш чора-тадбирлари, касаллик ҳақидаги сўнгги маълумотлар берилди.
Тадбир иштирокчиларига ОИТСга қарши биргаликда курашишни ифодаловчи рамзий қизил лента тақилиб, тарғибот материаллари тарқатилди.
[gallery-4923]
Тадбир доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида Поп туманидаги 32-умумтаълим мактаби сардорлар кенгаши ва ёшлар етакчиси ташаббуси билан “Ҳеч ким эътибордан четда қолмайди” лойиҳаси ташкил этилди. Лойиҳа иштирокчилари вилоятдаги Онкология шифохонаси болалар бўлимида даволанаётган болажонлар ҳолидан хабар олди. Сардорлар томонидан тайёрланган эртак қаҳрамонлари иштирокидаги саҳна кўринишлари, чиройли тилаклар ва эсдалик совғалари болажонлар кўнглини шод этди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА