Оилавий жанжал ўлим билан тугади
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманида яшовчи С.К. (аёл) жорий йил 10 июнь куни қайнотаси Е.С. билан ўзаро жанжаллашиб, онаси Ш.К.нинг уйига аразлаб кетиб қолган.
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси матбуот хизматининг маълум қилишича, 11 июнь куни соат 14:00ларда С.К. онаси Ш.К. ва янгаси Ж.А. билан бирга қайнотаси Е.С. билан қолган 2020 йилда туғилган, вояга етмаган фарзандини олиб кетиш учун борган вақтида, ўртада келиб чиққан жанжал туфайли қайнотаси Е.С. қўлидаги темир жисм билан С.К. ва унинг онаси Ш.К.ни уриб қасддан ўлдирган.
Шундан кейин улар билан бирга келган фуқаро Ж.А.нинг бош ва юз қисмларига хамда танасининг бошқа жойларига бир неча марта уриб, ўлдирмоқчи бўлган вақтда у воқеа жойидан қочиб яширинган. Оғир тан жароҳатлари билан Ж.А. Нукус тумани тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.
Нукус тумани прокуратураси томонидан мазкур ҳолат бўйича Жиноят Кодексининг 97-моддаси 2-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Е.С. Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА