Оилавий ажримларнинг сабаблари нимада?
Оилавий ажримлар бугунги кунда долзарб муаммога айланиб улгурди. Фарғона вилоятида “Оилавий ажримларга қарши курашиш ойлиги” эълон қилиниб, жар ёқасига келиб қолган оилаларни асраб қолишга эътибор қаратиляпти.
Хўш, нима учун ажримлар, оилада низоли ҳолатлар вужудга келяпти?
Вилоятда 1 миллион 493 минг 26 та оила истиқомат қилади. 2021 йилда 4 минг 285 тадан ортиқ оилалар барбод бўлган. Бу – ажрим бўйича Тошкент шаҳридан кейин 2-ўринда, дегани. Шаръий никоҳдан бир йилда 1 минг 200 дан ортиқ фарзандлар дунёга келган. Қайд этилган ажримлар таҳлил этилганда,
энг юқори кўрсаткич Фарғона (618 та), Қўқон (447 та), Марғилон (317 та) шаҳарларида, Фарғона (249 та), Ўзбекистон (248 та), Олтиариқ (247 та) туманларида кузатилмоқда.
Оқибатлари ўрганилганда эса, оилаларнинг ажралиб кетишига моддий етишмовчилик, учинчи шахс аралашуви, бефарзандлик, кўпроқ хиёнат, узоқ вақт бирга яшамаслик, ўзаро бир-бирини тушунмаслик сабаб бўлаётгани ойдинлашди.
Қолаверса, ажрашиш ҳолатлари оилалардаги келишмовчиликлар, ўзаро муҳаббатнинг йўқлиги, феъл-атворнинг тўғри келмаслиги, эр ёки хотиннинг касаллиги, ачинарлиси, айрим йигитларнинг ичкиликбозлик, гиёҳвандликка берилиб кетиши ёки бошқа аёллар билан ҳаёт кечириши натижасида ҳам келиб чиққан.
М. Сулаймонов, ЎзА