Ёш авлодда умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш, уларни юксак ватанпарварлик, софдиллик ва ҳалоллик руҳида тарбиялаш, ижтимоий фойдали меҳнатга ўргатиш ота-оналарнинг асосий бурчларидан саналади. Бунинг учун эса ота-она фарзандига ўзи ибрат кўрсатиши лозим.
Аммо бугунги кунда ота-оналар ўртасидаги ажримлар, вояга етмаганлар, хотин-қизлар ўртасида содир этилаётган жиноятлар борки, бу борада ҳамкорликда қилиниши керак бўлган ишлар ҳали кўп. Шунингдек, бу каби салбий иллатлар давом этар экан, оилавий ажримларни камайтириш, вояга етмаганларни назоратсиз қолдирмаслик борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини яна бир бор ўйлаб кўриш керак.
– Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судига 2021 йилнинг 10 ойи давомида жами 338 та никоҳдан ажратиш ҳақида даъво аризалар келиб тушган, – дейди фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси Баҳодир Бобоқулов. – Шундан 236 та никоҳдан ажратиш тўғрисидаги фуқаролик ишлари кўриб тамомланган бўлиб, 128 та даъво аризаси қаноатлантирилган, 63 таси рад қилинган, 34 та иш бўйича даъвогар даъводан воз кечганлиги сабабли иш юритиш тугатилган ва 11 та иш бўйича аризалар кўрмасдан қолдирилган. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, судга никоҳдан ажратиш ҳақида даъво аризасини беришда 160 та иш бўйича эркаклар, 76 та иш бўйича эса аёллар даъвогар бўлган.
Ёшлар орасида ажримлар кўплиги кишини ташвишга солади. Жумладан, 18 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар орасида 187 та, 30 ёшдан 40 ёшгача 36 та, 40 ёшдан 50 ёшгача 11 та ва 50 ёшдан юқори 2 тани ташкил этса, такрорий никоҳдаги шахслар томонидан берилган аризалар сони 4 та ва судга даъво берган вақтида шаърий никоҳ қурган тарафлар сони 5 тани ташкил этган.
Никоҳдан ажралиш бўйича судга даъво қўзғатишда асосан эр-хотин бир-бирларини тушуниб етмасликлари, оилавий муносабатларга қайнота-қайноналарнинг аралашиши, эр ёки хотининг узоқ йиллар хорижий мамлакатларга кетиб қолганлиги, баъзи ҳолларда эса хиёнат сабаб бўлмоқда.
Маълумки, барча маҳалла фуқаролар йиғинларида “Яраштириш комиссия”лари мавжуд эди. Унинг асосий мақсади фуқароларнинг оилада ва маҳаллаларда тинч-осойишта, ҳамжиҳатликда яшашига кўмаклашиш, оилавий низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини миллий ва маънавий қадриятларимизга таянган ҳолда кенг тарғиб этиш орқали маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга кўмаклашишдан иборат бўлган. Аммо юқоридаги фактлардан кўринадики, тумандаги айрим маҳалла фуқаролар йиғинларидаги олдинги “Яраштириш комиссия”лари, ҳозирда эса оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияларининг фаолияти талаб даражасида эмас.
Маълум қилинишича, суд томонидан никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни кўришда ҳар битта оилани сақлаб қолиш чораларини кўриш мақсадида тарафларга ярашишлари учун муддат бериш ҳақида ажрим чиқарилиб, ушбу ажрим ижро қилиш учун туман маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими ҳамда тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларига юборилади. Маҳалла фуқаролар йиғинларидаги оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиясининг хулосаси суд учун ишни мазмунан ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади. Шундай бўлса-да, ҳанузгача тумандаги айрим маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан тарафларни яраштириш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш ва бу ишларнинг натижалари бўйича комиссиянинг якуний хулосасини судга тақдим этишда хато ва камчиликларга йўл қўйилмоқда. Суд томонидан маҳаллаларда бир неча бор тушунтириш ишлари олиб борилганига қарамасдан, суднинг ажримлари номигагина муҳокама қилинаётганлиги, ушбу ажримлар ортида оила ва болаларнинг кейинги тақдири турса-да, улар бўйича асоссиз хулоса қилиш ва айрим ҳолларда умумий сўзлар билан судга жавоб қайтариш ҳолатлари давом этмоқда. Қолаверса, суднинг ярашиш учун муддат бериш ҳақидаги ажримлари суд мажлисига яқин қолгандагина муҳокама қилинмоқда.15:54
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида суд томонидан Хатирчи туман ҳокимлиги маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига 23 та хусусий ажрим чиқарилган бўлиб, шундан 19 тасига жавоб берилган, 2 тасига жавоб берилмаган ҳамда 2 тасига жавоб бериш муддати бор.
Никоҳдан ажрашиш ҳақида ариза билан судга мурожаат этган ҳар бир оилани яраштириш ва уни сақлаб қолиш учун энг аввало уларнинг ота-оналари, маҳалла фуқаролар йиғини оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси, туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамда маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда иш олиб бориш оилаларни сақлаб қолишда катта самара бериши ҳеч кимга сир эмас. Зеро, “Маслаҳатли тўй тарқамас”.
Абдували Бўриев, ЎзА