Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг ахбороти эшитилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугунги мажлисида депутатлар Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Д.Каттахонованинг “Оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этиладиган жиноятларнинг олдини олиш, жиноят содир этилишига олиб келган ижтимоий муаммоларни ҳал этиш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида”ги ахборотини эшитиш ҳақидаги масалани кўриб чиқди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, оилаларда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантириш, оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этиладиган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Аммо шу билан бирга, оилавий муносабатларда юзага келаётган ижтимоий муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, жиноят содир этилишига сабаб бўлаётган омилларни чуқур таҳлил қилиш ҳамда бу борада масъул давлат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шундан келиб чиқиб, депутатлар томонидан оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этиладиган жиноятларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар, жиноятчиликка сабаб бўлаётган ижтимоий муаммоларни ҳал этиш борасидаги ишлар натижадорлиги ҳамда соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш масалаларини атрофлича муҳокама қилиш зарурлиги таъкидланди.
Мажлисда юқоридагилардан келиб чиқиб, Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг ахборотини эшитиш ҳақида тегишли қарор қабул қилинди.
М.Комилова,
ЎзА