“Оила судьялари” ташкил этилади
Жорий йилнинг 21 декабрь куни Президентимизнинг “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга биноан, 2024 йилнинг 1 январидан Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларда оилавий низоларни кўришга ихтисослашган судьялар корпуси шакллантирилади.
2024 йилнинг 1 февралидан эса тажриба тариқасида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар, Наманган туманлараро ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларининг 2 нафардан судьясини оилавий низоларни кўриш бўйича ихтисослаштирган ҳолда ушбу судларда “Оила судьялари” ташкил этилади.
Шунингдек, қарорда Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг никоҳдан ажралиш учун ариза берган оилаларни яраштириш юзасидан ижобий тажрибасини босқичма-босқич бошқа судларга татбиқ этиш бўйича молиявий асослантирилган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиши ва бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига тақдим этиши ҳақида ҳам сўз боради.
Ушбу қарорнинг аҳамияти ҳақида гапирадиган бўлсак, у имкон қадар оилалардаги ажримларни камайтиришга қаратилган. Рақамларга назар солсак, жорий йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда никоҳдан ажралишлар сони 25 400 тани ташкил этиб, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 828 тага кўп бўлди. Ушбу маълумотлардан кўриниб турибдики, ажралишлар сони ортиб бормоқда. Тўғри, суд бу жабҳадаги охирги қадам, чунки, ёшлар ажрашиш учун ариза беришга келдими, демак, уларнинг қайси биринидир ёки иккаласининг ҳам тарбиясида қандайдир оқсоқлик бор. Суд шу заҳоти улардаги ана шу кемтик жиҳатларни тузатиб қўя олмайди, албатта. Лекин, мазкур йўналишда ихтисослашган оила судьялари ёшларга ёки уларнинг ота-оналарига тушунтиришлар бериш орқали ажримларнинг олдини олишга кўмаклашади.
Давлатимиз раҳбарининг қарорида бекорга оила судьяларининг фаолиятини йўлга қўйишга эътибор берилгани йўқ. Сабаби, шу оилаларда келажакда олимлар, спортчилар, маданият ва фан арбобларининг тарбияланиши ёки жиноятчи, гиёҳванд ёинки ўғрилар етишиб чиқиши мумкин. Маърифатли оиланинг фарзандлари давлат ва жамиятни ривожлантиради. Маърифатсиз оилада эса, аксинча.
Ихтисослашган оила судьялари орқали ёшлардаги ёки уларнинг ота-оналаридаги камчиликлар бартараф этилиб кейинги ҳаётлари янада чиройли давом этади, деб умид қилиб қоламиз.
Абулқосим Рўзиқулов,
Сурхондарё вилоят суди раиси.