«Оила – боғча – мактаб» тизими яратилади
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Алишер Қодировнинг Фарғона вилояти бўйича ишончли вакили Хурсаной Исламованинг ҳудудларда сайловчилар билан учрашувлари бўлиб ўтмоқда.
Бешариқ туманида бўлиб ўтган учрашувда ишончли вакил номзоднинг сайловолди дастурида белгиланган 5 та устувор йўналишлар бўйича сайловчиларни таништирар экан, энг аввало, дастурда таълим ва тарбияга алоҳида урғу берилганини таъкидлади. Боиси оилада олинган тарбия боғчага, боғчада олинган таълим ва тарбия мактабга кўчади. Демак, ҳар бир бола учун қадрдон бўлган оила муқаддас, боғча тарбия маскани, мактаб эса таълим бериб, йўл кўрсатувчи даргоҳ, келажак учун пойдевор бўлиши керак. Шунингдек, дастурда бола туғилганидан мактабни тугаллагунигача бўлган даврни ўз ичига олган тарбия ва таълим дастури ишлаб чиқилиши учун ягона «Оила – боғча – мактаб» тизими яратилиши, оилада соғлом фарзандни дунёга келтириш ва тарбияни тўғри ташкил этиш учун 18 ёшгача фарзандлари бўлган ота-оналарни қўллаб-қувватлаб, уларга алоҳида мақом ва масъулият юклатиш кўзда тутилган.

Учрашув давомида турли саволлар ўртага ташланди. Айниқса, иштирокчилар томонидан номзоднинг мактабгача таълим ташкилоти ходимларини қўллаб-қувватлаш борасида илгари сураётган ташаббуси илиқ қарши олинди.

Бувайда тумани маданият марказида сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувда номзоднинг таржимаи ҳоли ҳақида батафсил маълумот берилди. Ўз навбатида, ишончли вакил сайловолди дастуридаги асосий ғоя ҳамда ташаббуслар хусусида маъруза қилиб, сайловчилар томонидан берилган саволларга жавоб берди.

Алишер Қодиров томонидан илгари сурилган ташаббуслар амалга ошиши орқали номзод томонидан илгари сурилаётган янги ғоя ва мақсадлар рўёбга чиқиши ҳаётимиз фаровонлиги учун хизмат қилишига ишонч билдирдилар.

М. Сулаймонов, ЎзА