Оҳанги юракка туташган қўшиқ
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинганининг 29 йиллиги Наманган вилоятида ноодатий руҳда ва кўтаринки кайфиятда нишонланди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими таклифи асосида, соат 10:00дан бошлаб, шаҳар ва туманлардаги таълим муассасаларида, корхоналар ҳамда ташкилотларда давлатимиз мадҳияси бир хил вақтда биргаликда жўр бўлиб, ижро этилди.
“Улуғ халқ қудрати жўш урган замон!” шиори остида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирлар Наманган муҳандислик-технология институтида ҳам юқори савияда ўтказилди.

Профессор-ўқитувчилар, тарихчи-олимлар, ижодкорлар томонидан йиғилганларга давлатимиз мадҳиясининг яратилиши тарихи, шунингдек, 1992 йил 10 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида"ги Қонуннинг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича тушунчалар берилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимиз мадҳияси ёшларда Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, миллий ўзлигимизга чуқур ҳурматни шакллантиришда, фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол ва етук инсонлар бўлиб вояга етишида муҳим тарбиявий восита ҳисобланади. Қонунда мадҳиямиз давлат суверенитетининг рамзи, унга катта эҳтиром билан қараш ҳар бир юртдошимизнинг ватанпарварлик бурчидир, деб белгилаб қўйилган.
Мадҳияда халқимизнинг эзгу орзу-умидлари, келажакка мустаҳкам ишончи теран ифодаланган. Унда мардона ва шарафларга бой ўтмишимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғулар тараннум этилган.

Институтнинг бош майдонига жамул-жам бўлган профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар биргаликда Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясини ижро этишди. Илмгоҳдаги барча академик гуруҳларнинг дарс машғулотлари мадҳиямиз садолари билан бошланди. Барча факультетларда “Давлат рамзлари – фахримиз, ғуруримиз”, “Давлат мадҳияси – истиқлолимиз бадиҳаси” мавзуларида давра суҳбатлари ва маънавий-маърифий учрашувлар уюштирилди.
- Ҳар тонгни мадҳиямиз садолари билан қарши оламиз. Мадҳия – қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуси бор ҳар қандай кишида миллий ғурур, ўзига хос фахр, муҳими юртга меҳр уйғотади. Янги кунга, истиқлолга ва бугунги тинч-осойишта ҳаётимизга шукроналик, келажакка қатъий ишонч туйғуси жўш уради, - дейди Наманган муҳандислик-технология институти талабаси, спорт устаси Абдураҳмон Фазлиддинов.
– Айниқса, чет эл давлатларида Ўзбекистон номидан мусобақаларда қатнашиб, зафар қучган дамларда давлатимиз рамзларини юксак эъзозланишини кўриб, дилимиз ғурур ва ифтихорга тўлади. Куни кеча Қирғизистон Республикасида бўлиб ўтган кикбоксинг бўйича Марказий Осиё чемпионатида иштирок этиб қайтдим. 10 та вазн тоифаси бўйича 800 дан ортиқ спортчилар беллашган мусобақада ғолиб чиққаним шарафига мадҳиямиз янграб, Ўзбекистонимиз байроғи баланд хилпиради. Ёруғ келажагимизни шарафловчи, оҳанги юракларимизга туташган миллий қўшиғимиз асрлар оша баралла янграйверсин!


Оқилхон Дадабоев, ЎзА