Оғуфурушлар найранги фош бўлди
Халқимиз азалдан тадбиркор, “йўқдан бор қилиш” га уста. Лекин бу уддабуронлик халқ манфаати учун сарф этилмаса, айниқса, миллат таназзулига сабабчи бўлувчи оғуфурушликка йўналтирилса, додингни кимга айтасан?!
Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида яшовчи Х.Д. осон пул топиш йўлига кирди-ю, бу йўлнинг охири вой экани, ўз қилмишининг минглаб фуқаролар соғлигига зарарлиги, мамлакатимизда қонун устуворлиги таъминланганини ўйлаб ҳам кўрмади. Оқибатда эса...
Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Наманган вилояти Поп туманидаги “Шеробод” ЙПХ масканида ҳаракатланиб келаётган Х.Д. бошқарувида бўлган “Нексия-2” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилди. Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, ўриндиқ остига яширилган, полиэтилен пакетга скочлаб ўралган умумий вазни 1 килодан ортиқ гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланди. Шунингдек, шахсий тинтув пайтида Х.Д.нинг эгнидаги кийими ички чўнтагидан ҳам ўткир ҳидли, жигарранг тусли гиёҳвандлик воситаси топилди.
Суриштирувлардан маълум бўлишича, қирғизистонлик, миллати ўзбек бўлган Х.Д. Андижон шаҳрига келиб, шаҳарнинг 3-кичик туманидан ижарага уй топган ва мазкур уйда яшай бошлаган. Сўнг тожикистонлик М., тошкентлик У.А. ва Р.С. исмли шахслар билан тил бириктириб, кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини Тожикистон ва Ўзбекистон Республикалари ўртасидаги давлат чегарасининг чегара ва божхона назорати ўрнатилмаган йўллари орқали контрабанда йўли билан Тошкент вилоятининг Бўка тумани ҳудудига ўтказишган. Яширин йўллар орқали мамлакатимизга олиб ўтилган гиёҳванд моддаларни сотиш ва шу орқали моддий бойлик орттиришни кўзлашган.
Бунинг учун жиноий гуруҳ аъзолари пухта режа тузган. Яъни Х.Д. келишилган маблағни Бўка тумани ҳудудидан ўтувчи “Бўка-Олмалиқ” автомагистрал йўли четидаги йўл белгиси остига яшириб, ушбу жойни тожикистонлик М.га “Telegram” мессенжери орқали кўрсатган. Бир неча кундан сўнг М. тайин жойдаги пулни олган ва 2 килограмм гиёҳванд воситасини ўша йўл четига яшириб, манзилнинг фото ва видеотасвирини Х.Д.га тушунтирган. Асосий “харидор” – Х.Д. ҳар кило наркотикни 4 минг АҚШ долларидан олиб, уни икки баробар қимматга пуллашни кўзлаган эди.
Экспертиза хулосасига кўра, ашёвий далил сифатида олинган – целлофан пакетга солиниб, скочга ўралган модда героин эканлиги, соф оғирлиги 996 граммга тенглиги аниқланган. Шунингдек, ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Х.Д.нинг жиноий шериги Р.С.нинг Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги хонадони кўздан кечирилиб, унинг яшаш хонадонидан жами оғирлиги 605 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил тариқасида олинган.
Суд томонидан уддабурон оғуфурушларга нисбатан тегишли жазо тайинланди. Энди улар умрининг маълум қисмини панжара ортида ўтказади.
М.Сулаймонов, ЎзА