Ўғриларнинг режаси амалга ошмади
Бухоро вилояти Қўриқлаш бошқармаси Қоракўл тумани қўриқлаш бўлими масъул ходимлари томонидан Қоракўл туман чўл массиви ҳудудида фаолият юритаётган халқ хўжалиги, иқтисодиёт ҳамда ишлаб чиқариш объектларида товар моддий бойликларининг талон-тарож қилинишини олдини олиш борасида профилактик тадбир ўтказилди.
Жорий йилнинг 8 январь куни соат тахминан 18:00ларда «Зил-130» русумли юк автомашинаси ҳамда «Дамас» русумли енгил автомашиналарда Қоракўл туманида яшовчи фуқаролар З.И., Б.Б., Ф.Э., У.Б., Р.Б. ҳамда Ж.Қ. лар ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-тарож қилиш мақсадида олдиндан жиноий тил бириктиришади.
Улар бир гуруҳ бўлиб Қоракўл тумани «Деҳқонобод» МФЙ Ширинқудуқ массивидаги Қоракўл тумани ҳокимлиги балансида бўлган, собиқ 9204-сонли ҳарбий қисм 4-чегара биносига ғайриқонуний равишда киришади. Мазкур бинодан суд-товаршунослик экспертизасининг 2022 йил 24 январь кунидаги хулосасига кўра, жами бозор баҳоси 22 миллион сўмга яқин 13 турдаги қурилиш материалларини яширин равишда талон-тарож қилишади.
Ҳодиса жойидан яширинишга уринган вақтда «Қандим» чўл массивида жойлашган «Лукоил Оперейтинг Компани» МЧЖнинг газ, неъфт қувурлари ва кудуклари мобил йўналиши қўриғига хизматга жалб этилган Қоракўл тумани Қўриқлаш бўлими ходимлари томонидан қўриқланаётган йўналишда шубҳали ҳатти-ҳаракат қилаётганлиги сабабли тўхтатилади.
Тегишли тартибда текширувдан ўтказилганида улар томонидан ҳеч қандай ҳужжатларсиз кўп миқдордаги қурилиш материалларини талон-тарож қилиб олиб кетаётганлиги ҳолати аниқланади. Ҳолат юзасидан дастлабки ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Қоракўл туман ИИБга топширилади.
Ҳозирги вақтда Қоркўл туман ИИБ тергов бўлими томонидан мазкур ҳолат юзасидан фуқаролар З.И., Б.Б., Р.Б., У.Б., Ф.Э. ҳамда Ж.Қ.ларнинг хатти-ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли модаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА