Ўғрилаб кетилган ноёб Қуръон қўлёзмаси топилди
Наманган вилоятининг Чортоқ тумани Балиқликўл маҳалласидаги "Султон Увайс Қараний" зиёратгоҳидан шу йил 10 августга ўтар кечаси ўғрилаб кетилган Қуръони Карим китобининг қўлёзма нусхаси топилди.
Давлат хавфсизлик хизмати Наманган вилояти бўйича бошқармаси томонидан вилоят Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор қидирув ишлари натижасида мазкур жиноятга қўл урган икки нафар шахс қўлга олинди. Муқаддас қўлёзмани ўғрилаганлар Чортоқ тумани ҳамда Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаролар экани аниқланди.

Қуръони карим қўлёзмаси вилоят марказидаги Навоий кўчасида жойлашган кўп қаватли уйлардаги хонадонлардан бирида сақлаб келинган. Маълум бўлишича, тарихий китобга ҳеч қандай зарар етмаган.
Гумонланувчилар Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланиб, қамоққа олинган. Айни вақтда уларга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “в”, “г” бандлари билан қўзғатилган жиноий иш бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Маълумот ўрнида, юртимиздаги энг табаррук қадамжолардан биридан ўғриланган Мусҳафнинг қўлёзма нусхаси ҳажми жиҳатдан Ўзбекистон мусулмонлари идорасидаги Қуръони Усмонийдан кейинги иккинчи ўринда туради. Нодир қўлёзманинг бўйи 74, эни 51, қалинлиги 12 сантиметрни, оғирлиги эса 21,5 килограммни ташкил этади. Саккиз асрлик тарихга бориб тақаладиган, вилоят “Олтин мерос” жамғармаси ва Наманган шаҳридаги “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти кутубхонасида сақланган ушбу китоб бундан тўрт йил аввал “Султон Увайс Қараний” зиёратгоҳининг осори атиқалар музейидан жой олган эди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА