Огоҳликка чорловчи "Ўт қўювчилар"
Баҳодир Йўлдошевнинг "Дийдор" ёшлар экспериментал театр-студиясида "Ўт қўювчилар" номли спектакль намойиши бўлиб ўтди.
Швейцариялик адиб Макс Фришнинг "Бидерман ва ўт қўювчи" пьесаси асосида режиссёр Барзу Абдураззоқов томонидан саҳналаштирилган ушбу спектакль гўёки томошабинга кўзгу тутгандек бўлади.
Гарчи спектакль кулгули эпизодлар билан бошланса-да, аслида бу томошани кулгуга йўғрилган фожиа, деб аташ тўғрироқ бўлар эди. Асар қаҳрамонлари томошабинга гўё кўзгу тутгандек, турли вазиятларда улар хатти-ҳаракати қай йўсинда кечиши мумкинлигини гўё аввалдан айтаётгандек бўлади.
Анчагина зиёли бўлган инсоннинг уйига дайди ва бетайин киши кўчадан бетакаллуф суқилиб кириб, хонадон эгаларини ўз фирибларига "маҳлиё этади". Уйига суқулиб кирган бу одамни хонадон эгалари дастлаб уйдан қувиб чиқармоққа тайёр бўладилар... Воқеалар шу тарзда кечадики, спектакль якунида уйга суқулиб кириб олган дайдилар охир-оқибатда ўзларига бошпана берган бу хонадонга ўт қўйиб, ёқиб юборишга аҳд қиладилар.
Асардан хулоса шуки, ҳаддан зиёд бепарволик, ўзибўларчилик, беғамлик, сермулозаматлик одамларни фожиавий ҳолатларга етаклаши муқаррар.
Спектаклда асосий ролларни Фарҳод Абдуллаев, Хуршида Арабшоева, Ирода Қосимова, Юлдуз Ражабова, Жўрабек Арзиев Журабек Арзиев, Анвар Ҳамроқулов ва бошқа актёрлар ижро этган.
Саҳналаштирувчи режиссёр - Барзу Абдураззоқов, рассом - Доно Ғаниева, либослар бўйича рассом Севара Зуннунова, адабий маслаҳатчи - Нигора Умарова. Спектакль бадиий раҳбари - Бобур Йўлдошев.
Н.Усмонова, ЎзА