Оғир тоифали маҳаллалар ривожлантирилади
Фармон ва ижро
Жорий йилда Оҳангарон туманининг “оғир тоифали” деб топилган 6 та маҳалласини ҳар томонлама ривожлантириш чоралари кўрилмоқда. Шу мақсадида Республика Ишчи гуруҳи томонидан ўрганилган натижалар асосида комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Унга кўра, ҳудуд аҳолиси бандлигини таъминлаш, мавжуд томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш орқали фуқаролар даромадини оширишга қаратилган манзилли ишлар ташкил этилиши режалаштирилган. Шу мақсадда ҳудуддаги Қизилой маҳалласида “Аҳолининг томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш орқали уларнинг даромадларини ошириш” мавзусида амалий семинар ташкил этилди.
Унда туман ҳокимлиги масъуллари, Республика ишчи гуруҳи аъзолари, маҳаллалар “еттилиги” вакиллари, аграр соҳага ихтисослашган илмий-тадқиқот институтлари олимлари, агрономлар, карантин инспекторлари, маҳалладаги боғбонлар ва ва томорқачилар қатнашди.

Семинар давомида Тошкент давлат аграр университетининг бир қатор олим ва мутахассислари томорқачиликни ривожлантириш, бир мавсумда 2–3 марта ҳосил олиш имкониятлари, юқори ҳосилдорликка эришиш усуллари бўйича маърузалар қилди. Шунингдек, томорқа ерларида ва иссиқхоналарда сабзавотлар етиштириш, мева ва турли ўсимликлардан сифатли ва серҳосил натижа олишда агротехник тадбирларнинг ўрни, иссиқхоналарда цитрус мевали ўсимликларни парваришлаш технологияси ҳақида маълумот берилди.
Шу билан бирга, аҳолига сабзавот ва полиз экинларида учрайдиган касалликлар ҳамда уларга қарши курашиш чоралари каби долзарб мавзулар юзасидан мутахассисларнинг амалий тавсиялари эшитилди. Тошкент вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси мутахассислари томонидан белгиланган режага асосан мазкур маҳаллаларда амалга ошириладиган ишлар ҳақида алоҳида айтилди.

Қайд этилишича, маҳаллада асосий мавсумда 36,9 гектар, такрорий мавсумда 27 гектар ерга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экилади. Ҳудуд адирликда жойлашгани ва иқлим шароити тўғри келмаслиги сабабли тўқсонбости экинлари экилмаган. Бироқ “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида 7,5 гектарга сабзавот, 14,53 гектарга картошка экинлари экилган.

Хусусан, Президентимизнинг 2025 йил 14 февралдаги “Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятида замонавий ташкилий тизимни жорий қилиш ва молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуруламал бўлди. Шу бўйича жойлардаги аҳоли томорқалари ва деҳқон хўжаликлари ерларини тўлиқ хатловдан ўтказилади. Уларда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳисобини юритиш ҳамда “Online mahalla” платформасида аниқ маълумотлар базаси шакллантирилади.

Сув таъминоти оғир бўлган маҳаллаларда суғориш тизимини яхшилаш ҳамда етакчи экспортчи тадбиркорларни жалб қилиш орқали аҳоли томорқаларида бир турдаги экспортбоп маҳсулотлар етиштиришни таъминлаш кўзда тутилган.

Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассисларидан жавоблар олди. Шу билан бирга, тадбирда намунали томорқа эгаси Қаҳрамон Сайфиддиновнинг томорқачилик соҳасида эришган ютуқлари, самарали тажрибаси иштирокчиларга намуна сифатида кўрсатилди.

Карантин инспекторлари томонидан мавсумда дарахтларни парваришлаш, зарар агротехник ишларни бажариш борасида маслаҳатлар берилди. Бу каби мулоқотлар бошқа маҳаллаларда ҳам давом этиши режалаштирилган.
А.Мусаев, ЎзА.