Сўнгги йилларда мамлакатимизда шаҳарсозлик соҳасини такомиллаштириш ва шаҳарсозлик фаолияти объектларининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Дунёнинг турли мамлакатларида содир бўлаётган кучли зилзилалар ва бунинг натижасида етказилаётган зарарлар кўлами мамлакатимизда сейсмик хавфсизликни таъминлашга ҳамда бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини оширишга қаратилган бир қатор манзилли чора-тадбирлар амалга оширилишини талаб этмоқда.
Қолаверса, бино ва иншоотлар қуриш ҳамда таъмирлашни амалга оширувчи ташкилотларнинг масъулиятини ошириш, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган талабларга қатъий риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш зарурати юзага келмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда “Сейсмик хавфсизликни таъминлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди.
Мазкур ҳужжат билан Шаҳарсозлик қоидаларини бузиб, ноқонуний қурилиш олиб борган ёки хавфли ўзгартиришлар қилган шахсларга нисбатан жавобгарлик чоралари кучайтирилди.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига бинолар ва иншоотлардан фойдаланишга доир рухсатнома бериш ҳамда уларни фойдаланишга қабул қилиб олиш қоидаларини бузганлик, шаҳарсозлик соҳасидаги ваколатли давлат органларининг рухсатисиз объектларни қурганлик, қонунчиликни бузган ҳолда кўп квартирали уйлардаги таянч конструкцияларни ўзгартирганлик ёки реконструкция қилганлик, шунингдек бинолар ва иншоотларни аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларини, уларни режалаштириш ва қуриш лойиҳаларини бузган ҳолда лойиҳалаштирганлик, реконструкция қилганлик ва қурганлик учун жавобгарлик юзага келишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилган.
Бунда жиноий жавобгарлик, айбдор шахслар ушбу ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликка тортиб бўлинганидан кейин юзага келади. Одам ўлишига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлган тарзда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланди.
Шунингдек қонунчиликни бузган ҳолда, кўп квартирали уйлардаги таянч конструкцияларни ўзгартириш ёки реконструкция қилиш билан боғлиқ жиноятни биринчи марта содир этган ҳамда амалга оширилган ўзгартириш ёки бузилишларни, шунингдек уларнинг оқибатларини ихтиёрий равишда бартараф этган шахс жавобгарликдан озод этилиши мумкинлиги назарда тутилди.
Лойиҳа ташкилотларининг муаллифлик назоратини амалга ошириш доирасида бериладиган кўрсатмаларини буюртмачилар бажармаса, шунингдек эксперт ташкилотларнинг шаҳарсозлик ҳужжатларига доир ижобий хулосасисиз объектлар қуриладиган бўлса, бунинг учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда. Шунингдек, шаҳарсозлик соҳасидаги қоидабузарликлар учун солинадиган жарималар миқдорларини кўпайтириш назарда тутилди.
Хусусан, қурилиши тугалланган бино ва иншоотлардан фойдаланишда рухсатнома бериш ҳамда уларни фойдаланишга қабул қилиш қоидаларини бузиш, бордию шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса — бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгилаб қўйилди.
–Объектларни қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияларининг рухсатномасисиз қуриш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса —икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўзда тутилган, – дейди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов. – Шунингдек, кўп квартирали уйлардаги таянч конструкцияларни қонунчиликни ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни бузган ҳолда ўзгартириш ёки реконструкция қилиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса жазоланиши белгиланди. Шу билан бирга, уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланди.
Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ бино ва иншоотларни ёки бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга тақиқ ва чекловлар белгиланган зоналарда ушбу ишларни бажариш ёки аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларига, уларни режалаштириш ва қуриш лойиҳаларига зид равишда, яъни бош режаларда назарда тутилмаган бино ва иншоотларни лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш ва қуриш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишига сабаб бўлади.
Давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг қўриқланадиган теграларида, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларда, шу жумладан ўзининг тарихий-маданий қимматига кўра Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар ва уларнинг қўриқланадиган теграларида моддий маданий мерос объектлари ҳисобланмаган бинолар, иншоотлар ҳамда бошқа объектларни белгиланган тартибда рухсатнома олмасдан қуриш ёки бузиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса — икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.
Ушбу модданинг биринчи – бешинчи қисмларида назарда тутилган ҳаракатлар одам ўлишига ёхуд бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса — уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган жиноятни биринчи марта содир этган шахс, агар у кўп квартирали уйлардаги таянч конструкцияларнинг амалга оширилган ўзгартирилишини ёки уларни реконструкция қилиш туфайли йўл қўйилган бузилишларни, шунингдек уларнинг оқибатларини ихтиёрий равишда бартараф этса, жавобгарликдан озод этилади.
Лойиҳалаш, қурилиш-монтаж ишлари бажарилаётганда талабларни бузиш, шунингдек, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳамда йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияларининг кўрсатмаларини бажаришдан қасддан бўйин товлаш ёки ўз вақтида бажармаслик фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари, мансабдор шахсларга эса — етмиш баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Қонунга кўра, ҳудди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса —фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг юз баравари, мансабдор шахсларга эса — бир юз эллик баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Ушбу ҳолатда 300 куб метрдан ортиқ бўлмаган яшаш учун мўлжалланмаган жойлар ҳамда цоколни ҳисобга олмаган ҳолда икки қаватдан юқори бўлмаган, баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ёки умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлмаган якка тартибдаги уй-жой қурилиш объектлари бундан мустасно.
Бир сўз билан айтганда, лойиҳа ташкилоти томонидан буюртмачига қурилиш-монтаж ишлари давомида лойиҳага мувофиқ бериладиган мажбурий кўрсатмаларни тўлиқ бажармаслик фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ баравари, мансабдор шахсларга эса — етмиш баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Бинокорлик материаллари, конструкциялари ва буюмларини ишлаб чиқаришда техник регламентлар талабларини бузиш — мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик баравари миқдорда жарима солишга асос бўлади.
Ушбу нормалар қонунда келтириб ўтилган айрим жиҳатлар эди. Мазкур ҳужжат расман эълон қилинган кундан уч ой ўтгач кучга кириши назарда тутилган.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА