Оғир атлетика: Колумбияда Ўзбекистон байроғи юксалди
Колумбиянинг Богота шаҳрида оғир атлетика бўйича давом этаётган жаҳон чемпионатининг ўнинчи кунига келиб мамлакатимиз терма жамоаси “Париж-2024” Олимпиадаси рейтинг очколарини тақдим этадиган мусобақанинг илк медалларини қўлга киритди.
Аёллар ўртасида 87 килограмм вазн тоифасида ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Турсуной Жабборова шиддатли ва муросасиз баҳсларда ўз иродасини намойиш этди. Кучли руҳий босимга қарамасдан ҳамюртимиз даст кўтаришда 112 кило тошни бўйсундирган ҳолда иккинчи ўринни эгаллади. Силтаб кўтариш машқида 129 кило натижа билан 8-поғонада қайд этилди. Икки курашдаги умумий 241 кило эса сўнгги сарҳисобда Т.Жабборованинг жаҳон чемпионатлари, Олимпия ўйинлари совриндорлари орасида бронза медалига мушарраф бўлишини таъминлади.

Терма жамоамиз аъзоси Турсуной Жабборова муносиб ютуққа эришган мазкур вазндаги олтин ва кумуш медаллар Норвегия ва Австралия спортчиларига насиб этди.
Колумбия баҳслари орқали катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида илк бор қатнашган Шарофиддин Амриддинов 102 килограмм вазнда даст кўтаришда 172 кг, силтаб кўтаришда 197 ва икки курашда 369 кг билан 50 нафардан зиёд маҳоратли спортчилар орасида 13-ўринни эгаллади.

Жаҳон чемпионатининг ортда қолган кунларида спортчиларимиздан Нигора Абдуллаева 55 килограммда 6-ўринни, Достон Ёқубов 67 килограммда 8-поғонани, Муҳаммадқодир Тоштемиров 81 килограммда 7-ўринни, Оғабек Тўхтаев 11-ўринни эгаллаган ҳолда баҳсларни якунлаган эди.
Олимпия ўйинларининг дастлабки рейтинг очколари ўйналаётган чемпионатнинг охирги 12 ва 13 кунги мусобақалари 16-17 декабрь кунлари ўтказилади. Ушбу баҳслар 109 ҳамда +109 килограммли полвонлар иштирокида кечади.
Эслатиб ўтамиз, 90 дан зиёд давлатнинг 550 нафарга яқин энг кучли оғир атлетикачилари иштирокида ўтаётган Жаҳон чемпионатининг эртага, 16 декабрдаги мусобақалари 109 килограмм вазн тоифасида ташкил этилиб, унда чемпионлик учун кечадиган курашларда Руслан Нуруддинов супага кўтарилади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА