Оғир атлетика: Афсоналарнинг тарихий “дуэли” яқин
Тошкентдаги “Юнусобод” спорт мажмуасида оғир атлетика бўйича катталар ўртасида ўтказилаётган жаҳон чемпионати қизғин паллага кириб бормоқда.
Чемпионатнинг ўтган тўққиз куни мобайнида ўзига хос шов-шувлар содир бўлди. Янги рекордлар ўрнатилди. Дунё оғир атлетикасининг 2021 йилдаги янги чемпионлари аниқланди. Бугунгача жаҳон чемпионатининг эркаклар ва аёллар ўртасида 7 тадан вазнида ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлди.
Бугун, 15 декабрь куни 102 килограмм вазн тоифасида супага ҳамюртимиз Қурбонмурод Намозов кўтарилди. Шу йилнинг октябрь ойида Саудия Арабистони мезбонлигида оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасида ўтган жаҳон чемпионатида 3та олтин медални қўлга киритган Қурбонмурод Намозов аввалига чемпионатнинг "B" гуруҳида қатнашиб, даст кўтаришда дастлаб 148 кг, кейин 153 кг тошни ўзига бўйсундирди ва ўз гуруҳида бешинчи ўринни банд этди.
Силтаб кўтаришда ҳамюртимиз аввалига 180 килограмни кўтарди, иккинчи уринишда эса 187 килограмм тошни ўзига бўйсундирди. Аммо, Самарқандда улғайиб, Қашқадарё спорт мактабида камолга етаётган истеъдодли ёш спортчимиз учинчи имкониятдан фойдаланмасликка қарор қилди.

Шу тариқа, ўз гуруҳидаги тажрибали спортчилардан 3-11 ёшга кичик бўлган ҳамюртимиз 17 ёшли Қурбонмурод Намозов катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг силтаб кўтариш машқини олтинчи ўринда якунлади.
Аҳамиятлиси, ушбу кўрсаткич истеъдодли спортчимизни жаҳон оғир атлетикасидаги олимпия ва жаҳон чемпионлари орасида муносиб ўрни борлигини, мамлакатимизда яна бир ёрқин оғир атлетика вакили камолга етаётганлигини кўрсатди.
– Кутилганидек, 2021 йилнинг энг нуфузли мусобақаси бўлган жаҳон чемпионати юқори даражада, янги ва шов-шувли натижалар қайд этилган ҳолда давом этмоқда. Биз учун аҳамиятли жиҳати, катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати туфайли ўнлаб истиқболли ёшларимизни синовдан ўтказдик. Уларнинг тажрибасини ошириб олдик. Мазкур чемпионат орқали Ўзбекистон спорт салоҳиятини, унинг катта имконият ва юксалиш динамикасига эга эканлигини дунёга кўрсата олдик. Яна бир аҳамиятли томони, Янги Ўзбекистон тамойили, унинг халқаро спортдаги обрў-эътиборини жаҳон чемпионати тимсолида намойиш этиш, дунё спорт жамоатчилиги диққатини Тошкент майдонларига қаратишга эришдик. Муҳими, кенг қамровли чемпионат сабабли Ўзбекистон спортидаги менежерлик, ташкилий ва ташвиқот ишлари, спорт волонтёрлиги, спорт психологияси каби йўналишларда тажрибамиз ошди. Қолаверса, узоқ муддатли халқаро мусобақаларни Тошкентда ўтказиш тажрибасини такомиллаштирдик, бунга кўникма ҳосил қилишга эришдик, – дейди Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шахрулла Маҳмудов.
Эслатиб ўтамиз, эртага 16 декабрь кунги мусобақаларда 109 килограмм оғирликдаги спортчилар жаҳон чемпионлиги учун баҳсларга киришади. Айнан ушбу вазнда Ўзбекистон спорт фахри, жаҳон оғир атлетикасининг бугунги кундаги ҳаракатдаги афсоналари бўлган икки оғир атлетикачимиз – Руслан Нуриддинов ва Акбар Жўраев майдонга чиқади.
Улар иштирокидаги баҳсга нафақат юртимиз, балки халқаро спорт оламидаги миллионлаб спорт ихлосмандлари, мутахассислари катта қизиқиш билдирганки, бу, сўзсиз оғир атлетика дунёсидаги ўлкан курашлардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Шунингдек, эртага, 16 декабрь куни жаҳон чемпионатининг 87 кг вазнида ҳамюртимиз, ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Турсуной Жабборова чемпионатнинг медаллари учун “Юнусобод” супасига кўтарилади.

Якунланишига икки кун қолган жаҳон чемпионатининг 15 декабрь ҳолатида медаллар жамғариш борасида ҳозирча 3 та олтин ва битта бронза медали билан Жанубий Корея вакиллари якка пешқадам бўлиб турган бўлса, 2 та олтин ва 1 тадан кумуш ва бронзага эгалик қилиб турган Таиланд спортчилари иккинчи поғонада бормоқда. Ҳисобида битта олтин ҳамда 3 та кумушли колумбияликлар кейинги ўриндан жой олган. Улардан кейинги ўринларни биттадан олтин ва кумушга эга Ўзбекистон, АҚШ ва Хитой Тайпейи терма жамоалари банд этган.
Тошкентдаги шиддатли баҳсларда 80 га яқин мамлакатларнинг кучли спортчилари қатнашаётган бўлса, шундан 24 таси жаҳон чемпионатининг икки кураш бўйича, 32 таси алоҳида дастурлар доирасидаги медалларни қўлга киритишди. Қолган 55 га яқин давлатлар ҳали чемпионатнинг бирор-бир совринли ўрнини эгалламади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА