Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигида “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси масъуллари иштирок этиб, давлат ташкилотларида маънавий-ахлоқий этиканинг аҳамияти хусусида тўхталиб ўтди. Шу билан бирга, одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиниши, давлат хизматчиларининг касбий фаолиятида аҳамият қаратиши лозим жиҳатлар хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Юртдошларимиз жамиятда рўй бераётган ҳар қандай ҳодисага ўзини дахлдор сезади, ислоҳотларнинг амалдаги натижасига баҳо беради. Табиийки, бу жараёнда, аввало, давлат хизматчилари фаолияти муҳим ўрин тутади. Зеро, унинг фаолияти кўплаб соҳалардаги ислоҳотларни халқимиз онги шуурига етказишда кўзгудир.
Давлат хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этишини назорат қилишда ташкилотнинг одоб-ахлоқ комиссияси муҳим роль ўйнайди. Янги тартиб бўйича ҳар бир ташкилотда давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш, уларнинг ахлоқ нормаларига зид хатти-ҳаракатларининг олдини олиш ва бу қоидаларга риоя этиш билан боғлиқ низоларни кўриб чиқиш учун комиссия тузилади.

–Ахлоқ шундай ойнаки, унда инсоннинг ташқи қиёфасигина эмас, балки ички дунёси ҳам кўзга ташланиб туради, – дейди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг Иқтисодий ислоҳотлар бошқармаси мутахассиси Дилмурод Ҳабибуллоев. – Демак, инсон нафақат ташқи кўриниши, балки хулқи ҳам гўзал, маънавий жиҳатдан ҳар томонлама етук бўлсагина ўзига, оиласига ва бутун жамиятга кўпроқ наф келтиради. Айниқса, давлат хизматчиси хизмат фаолияти давомида ҳам, ишдан ташқари вақтда ҳам хулқ-атвори, ташқи кўриниши ҳамда сўзлашув одоби билан ўзгаларга ўрнак ва шахсий намуна бўлиши айни муддао. Шундагина халқимизни рози қиладиган халқчил давлат хизматини шакллантиришга, бу борада олдимизга қўйилган барча эзгу мақсадларимизни рўёбга чиқаришга эришамиз.
Шунингдек, тадбирда давлат хизматчисининг ахлоқ-одоби, жамиятда тутган ўрнига алоҳида тўхталиб ўтилди. Бу борада эътибор бериш лозим бўлган жиҳатлар, хусусан, коррупциявий ҳолатларга чидамсизликни ошириш, аҳоли олдидаги чуқур масъулиятга урғу берилди.

Давлат хизматининг нуфузини баҳоловчи мезонлардан бири жамоатчилик фикри ҳисобланади. Шу боис давлат органи ўз нуфузини янада ошириш мақсадида фуқаролар билан қайта алоқа механизмларидан самарали фойдаланиши зарур.
Тадбир сўнгида йиғилганлар мавзунинг бугунги кун учун долзарб аҳамияти хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ZhdtHuOWccA" title="Odob-axloq qoidalariga rioya etilishi doim nazoratda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Шаҳноза Маматуропова, ЎзА