Қодирия ГЭСи қайта ишга тушди
Бугун Чирчиқ-Бўзсув сув энергетик трактидаги “Қодирия ГЭСлар каскади” унитар корхонаси таркибидаги Қодирия ГЭС (ГЭС-3)и ишга туширилди.
Бугун Чирчиқ-Бўзсув сув энергетик трактидаги “Қодирия ГЭСлар каскади” унитар корхонаси таркибидаги Қодирия ГЭС (ГЭС-3)и ишга туширилди.
Қодирия ГЭСини модернизация ишлари Президентимизнинг 2017 йилдаги қарорига кўра бошланган бўлиб, 1933 йилда қурилган мазкур ГЭСнинг умумий қуввати 13,2 МВт бўлиб, қарийб 85 йилдан буён ишлаётган эди.

“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятининг ахборот хизматидан маълум қилишларича, модернизация ишларида ГЭСда қурилиш-монтаж, техник қурилмаларни йиғиш ва ўрнатиш, эҳтиёт қисмларни бутлаш ишлари изчиллик билан олиб борилди.
Асосий гидротехник жиҳозлар Хитойнинг етакчи компанияси “Dongfang Electric International Corporation” дан ишлаб чиқарилган. Техник жиҳозлаш, техник қурилмаларни йиғиш, эҳтиёт қисмларни бутлаш ишларини хорижий ва маҳаллий малакали мутахассислар амалга оширди.

Лойиҳалаштириш ишларини эса “Гидропроект”нинг малакали мутахассислари, зарур техник жиҳозларни етказиб беришни эса “Сувсаноатмаш” бажарди. Шунингдек, “Ўзбекгидроэнергоқурилиш” объектларда режали тартибда, босқичма-босқич ҳамда изчил қурилиш ишларини амалга оширди.
Модернизация ишлари якунланганидан сўнг, ГЭСнинг умумий қуввати 15,34 МВт га етказилди. ГЭСнинг йиллик ўртача электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичи 124 млн.кВт.соатга етказилиши кўзда тутилмоқда.

Дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам ҳукм сураётган таҳликали ва мураккаб коронавирус пандемияси шароитида соҳа мутахассислари барча карантин қоидаларига тўла риоя қилган ҳолда, модернизация ишларини режа асосида якунлашда бор куч-ғайратларини аямади.
Таъкидлаш жоизки, “Ўзбекгидроэнерго” қайта тикланувчи электр энергиясини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш, истиқболли ва самарали лойиҳалар асосида инвестиция маблағларини жалб қилиш, режали тартибда ўзлаштириш, янги гидротехник объектларни эксплуатацияга топшириш, ГЭСларни модернизация қилиш, маҳаллийлаштириш жараёнларини кенгайтириш борасида кўплаб лойиҳаларни амалга оширмоқда.
