Одил судловга эришиш имконияти ошади
Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари замирида аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлашдек устувор вазифалар мужассам. Президентимизнинг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони ҳам судлар фаолиятида очиқлик, шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатини янада кучайтиришда муҳим қадам бўлди.
Тошкент вилоят судида ташкил этилган семинар мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳиятига бағишланди. Унда вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьялари иштирок этди.
Қайд этилганидек, мазкур фармон билан 2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартиби йўлга қўйилади.

Бугунги кунда, жиноят ишлари бўйича судларга маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар, жиноят ишлари, мансабдор шахсларнинг чиқарилган қарорлари устидан берилган шикоятлар ҳамда судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш ваколати берилган. Бу ўз ўрнида жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларида якка тартибда фаолият юритаётган бир нафар судьянинг ўзига жуда кўп ишларни кўриб чиқиш вазифасини юкламоқда. Бу фуқаролар томонидан ўринли эътирозларга сабаб бўлаётган эди.

2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича ҳудудий судларда иш бошлайдиган тергов судьялари жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масалалари, яъни, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш ҳамда прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги ва бошқа илтимосномаларни кўриб чиқади.

– Мазкур фармон билан тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриб чиқиш ваколати ҳам юклатилмоқда, – дейди вилоят суди раиси Дилшод Таджибаев. – Бу билан жиноят ишлари бўйича биринчи инстанция судлар судьялари ўртасида иш ҳажми мутаносиблигини тўлиқ таъминлашга эришилади. Судьялар томонидан жиноят ишларини кўриш давомида иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни синчковлик билан тўла ва холисона текшириб чиқиш, судланувчиларнинг барча важларини кўриш, тарафлар томонидан келтирилган илтимосномаларни тўлиқ аниқланиши учун замин яратади.
Семинарда охирги пайтлар жойлардаги сайёр қабулларда ҳам аҳоли томонидан билдирилаётган мурожаатларни кўриб чиқишда учраётган муаммолар эндиликда бартараф этилиши айтиб ўтилди. Судьялар фармон юзасидан ўз фикр- мулоҳазаларини билдирди. Янги киритилаётган ўзгартиришлар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаган ҳолда жиноят ишлари бўйича судларнинг иш юкламасини камайтириши, судьяларнинг жиноят ишларини кўриб чиқиш жараёнларида қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилишида кенг имкониятлар яратиши таъкидланди.
А.Мусаев,ЎзА