Одил судлов сифатини ошириш –муҳим масала
Термизда судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини оширишга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Вилоят судларида хизмат қилаётган судьялар ва суд ходимлари иштирок этган тадбирда Олий суд раисининг ўринбосари Халилилло Тўрахўжаев, вилоят суди раиси Абулқосим Рўзиқулов ва бошқалар сўнгги йилларда мамлакатимизда суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар қонун устуворлигини таъминлаб, одил судлов сифатини оширишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
Президентимизнинг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони бу борадаги ишлар натижадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Мазкур ҳужжатда суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг 2023– 2026 йилларга мўлжалланган қисқа муддатли стратегияси тасдиқланиб, одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари белгиланган. Шунингдек, уни амалга оширишнинг ҳаракатлар дастури ҳам тасдиқланган.
Шунга мувофиқ соҳада “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш, унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга қаратиш муҳим вазифа сифатида белгилаб олинди. Адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали фуқаролар ва тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиб, уларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ишончли ҳимоя қилиши учун барча имконият яратилаётир. Суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли амалга ошириш учун судларнинг холислигини таъминлашга қаратилган қонунчилик такомиллаштирилмоқда. Судья ва суд ходимлари учун етарли имконият ва ижтимоий кафолат яратилиб, иш шароитларини яхшилаш юзасидан кенг қамровли чора-тадбирлар белгиланмоқда.

—Салоҳиятли, ҳар томонлама малакали суд кадрларининг шаклланиши, судларда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайди, —дейди Олий суд аппарат раҳбари Абдухалим Холмахматов. —Шу маънода соҳада фаолият юритаётган судья ва ходимларнинг билим ва дунёқарашини кенгайтириш, малакасини ошириш, умуман, кадрлар сифатини янада яхшилашни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Айни пайтда бу борада ҳам муайян ишлар олиб борилаётир.
Учрашувда юқори малакали, чуқур билим ва кўникмага эга кадрлар билан судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини оширишдек эзгу мақсадларга эришиш мумкинлиги қайд этилди. Суд идорасига адолат истаб келган инсон, энг аввало, ўзининг қандай қабул қилинганига, у билан бўладиган мулоқотнинг самимийлигига қараб, суд тизимига бўлган муносабатини шакллантириши, бунинг учун эндиликда ҳар бир судья ва ходим касбий одоб-ахлоқ қоидаларига қатьий риоя этиб, ўз вазифасини сидқидилдан бажариши, мазкур жараёнда таъмагирлик, коррупция каби иллатларга қўл урмаслиги лозимлиги хусусида ҳам атрофлича фикр алмашилди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири