Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб, соҳада юз берган ўзгаришлар чуқур таҳлил қилингани ва Янги йилдаги вазифалар белгилаб берилгани жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлаш давлатчилигимизнинг мустаҳкам пойдеворига айланаётганини кенг намоён этди.
Мурожаатномани тинглар эканман, судлов тизимидаги бундан тўрт-беш йил аввалги ва бугунги ҳолатни кўз олдимга келтирдим. Ўтган қисқа йилларда одил судловни таъминлаш учун қабул қилинган қонун, фармон ва қарорлар, жамиятимизда содир бўлган янгиланишларни адолат тарозисига солиб кўрдим.
Президентимиз айтганларидек, Адолат давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди. Лекин, бундан тўрт йил муқаддам юртимизда суд залида оқлов ҳукми чиқарилди ёки озодликдан махрум бўлмаган жазо тайинланди, деса ким ишонар эди?
Инсонпарварлик тамойиллари кенг қулоч ёзаётган сўнгги йилларда бу масала ўзининг адолатли ечимини топмоқда. Жумладан, жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят судлари жорий йилнинг ўтган даврида 9 нафар шахсни биринчи босқич судида, 81 нафар шахсни апелляция ва кассация босқичида ЖПКнинг 83-моддасига асосан оқлаб (реабилитация), уларга оид жиноят ишларини тугатди. Жами судланган шахсларнинг 1 минг 156 нафари ёки 75,2 фоизига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди. Шундан 117 нафар шахс суд залидан қамоқдан озод қилинди. 536 нафар шахсларга ЖКнинг 57-моддаси қўлланган ҳолда қонун санкцияда назарда тутилган жазодан ҳам енгилроқ жазолар тайинланди. 67 нафар шахс ЖКнинг 72-моддасига асосан шартли ҳукм қилинди. 390 нафар шахс тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилди. 216 шахсга нисбатан дастлабки тергов органи томонидан қўйилган айблов ўзгартирилиб, ҳукм чиқарилди. 70 шахсга нисбатан асоссиз қўйилган моддалар тўлиқ айбловдан чиқарилиб, 38 шахсга нисбатан модда қисми ёки банди айбловдан чиқарилди.
Инсонпарварлик, адолатлиликнинг яна бир жиҳати– йилнинг ўтган даврида ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида 9 шахсга, хотин-қизлар қумитаси кафиллиги асосида 3 шахсга, маҳалла фуқаролар йиғини жамоатчи ҳимоячилари кафиллиги асосида 77 шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди. Шу даврда жиноятларнинг олдини олиш учун жиноят содир этилишига йўл қўйган ва шарт-шароит яратган шахсларга нисбатан 1 минг 36 та ёки 65,8 фоиз жиноят ишлари бўйича хусусий ажримлар чиқарилиб, 445 та оғзаки ҳуқуқий тарғибот ишлари ўтказилди.
Одил судловда юз берган бу каби ўзгаришлар одамларнинг суд-ҳуқуқ тизимига ишончини ошириб, қонун устуворлигини таъминлаш ва инсон ҳуқуқ, эркинликларини кафолатли ҳимоя қилишда муҳим омил бўлмоқда.
Мурожаатномада қайд этилганидек, янги йилдан жорий қилинадиган “бир суд-бир инстанция” тамойили зиммамизга янада масъулиятли вазифани юклаб, вилоят судлари устидан берилган шикоятлар ўша суд томонидан кўриб чиқилиш амалиёти бекор бўлади. Суд қарорларининг адолатли ва қонунийлигини таъминлашда бош мезон вазифасини бажаради. Бир-бирини такрорлайдиган суд босқичларини қисқартириб, одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиётининг бекор қилинаётгани жамиятда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш йўлидаги яна бир далил одим бўлмоқда.Шунингдек, келаётган йилда фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги учта суднинг битта суд сифатида бирлаштирилиши фуқарорларимиз ҳамда тадбиркорлик субьектлари учун янги енгилликларни яратади.
Билиб-билмай жиноятга қўл урган шахснинг тақдири судда ҳал бўлади. Бу суд залида чиқарилган қарорга бевосита боғлиқдир. Масалага шу нуқтаи-назардан ёндошсак, сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар судлов тизимида адолатни ўрнатишга, суд қарорларининг барқарорлигини таъминлашга йўналтирилгани билан эътиборга сазовар бўлмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ғояси билан келгуси йилдан суд муҳокасига қадар судда ишларни дастлабки эшитиш амалиёти янги тартиб сифатида жорий этилиши ҳам Янги Ўзбекистонда адолатни қарор топтиришга қаратилаётган юксак эътиборнинг амалдаги ифодасидир.
Мамлакатимизда одил судлов жамиятимизнинг бош мезони сифатида белгиланиб, бу жараёнда фуқароларга босқичма-босқич замонавий қулайликлар яратилаётгани аҳамиятлидир. Мурожаатномада келаси йилдан бошлаб, фуқаролар судга келиб юрмасдан онлайн тартибда мурожаат этиши, ўз аризалари кўриб чиқилиш жараёнини масофадан туриб, кузатиб бориш имкониятлари яратилиши ҳам алоҳида қайд этилгани айни муддао бўлди.
Энг муҳими соҳада юз бераётган янгиланишлар одамларнинг қонун устуворлигини таъминлашга, уларнинг адолат устувор бўлган жамиятга ишонч ҳиссини янада мустаҳкамлаб, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда тинч, тўкин ҳаёт кечиришига хизмат қилмоқда.
Х.Қудратов,
Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди раиси