Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани "Роватак" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Фарҳод Исаев икки йилдан буён хонадонида зотдор қуёнларни парвариш қилмоқда.
Дастлаб оддий қизиқиш билан 7 та қуён боқишдан бошланган иш кейинчалик яхшигина даромад манбаига айланди. Сабаби қуёнчилик яхши даромад келтириши эндиликда ҳеч кимга сир эмас.
Гўшти ва териси харидоргир, боқиш нисбатан осонроқ ва катта харажат талаб қилмайди. Ҳозирги кунда Ф.Исаев қуёнларнинг "Рекс", "Немис катта капалаги (строкач) қуёни", "Голландия", "Француз барани", "Карлик баран", "Янги зеландия оқ ва қора қуёнлари", "Вена оқ қуёни", "Калифорния", "Бургундия", "Сатин" номли 10 дан ортиқ турларни боқиб кўпайтирмоқда.
– Қуёнларга бир кунда 2 маҳал озуқа берилади, – дейди Фарҳод ака. – Қафасида доим тоза сув туриши лозим. Ҳафтада 2 марта сабзи ёки олма берилади. Тагига похол тўшалади. Жониворларнинг қорни оғримаслиги учун сувига 40 фоизли сутли кислотадан қўшиб берилади. Витаминли озуқалар билан боқилган қуённинг иммунитети яхши бўлади ва касалликка чалиниш эҳтимоли камаяди.
Тадбиркорнинг айтишича, 1 жуфт 2 ойлик жажжи қуёнчаларнинг нархи 200 минг сўмдан 200 долларгача атрофида баҳоланади. Ноёблари эса бундан ҳам қимматроққа сотилади. Қуёнларнинг нархлари баланд бўлишига сабаб, уларнинг юнги майин ва қалинлигида ҳисобланади.
Маълумот учун, қуён гўшти парҳезбоплиги сабабли, кўплаб касалликларда тавсия этилади. Момиғи эса қўй жунидан 10 баробар кўп иссиқлик бериши туфайли ундан тайёрланган маҳсулотлар ҳам жуда харидоргир ҳисобланади.
А.Мусаев,ЎзА