Одамларнинг хато қилишини кутиб яшамаслик керак
Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида шу юртнинг фарзанди аржуманди бўлган ҳамда умр йўлларида нурли лаҳзаларни кечирмоқ истаган кўнгилларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши кераклиги устуворлик касб этаётгани айни ҳақиқатдир.
Бошқача айтганда, бугун ҳар бир фаолиятимиз ана шу улуғ мақсадларни амалга оширишга қаратилган.
Эзгу мақсадларнинг эзгу ифодаси бўлган, юртимизда кечаётган муҳим сиёсий жараёнларнинг тавсифи, Учинчи Ренессанснинг пойдеворини барпо қилиш борасида ҳаётимизга татбиқ этилаётган ислоҳотларнинг мақсади, мазмун-моҳияти, устувор йўналишлари, миллий тараққиётимизнинг истиқболлари таҳлилига бағишланган ҳамда барча жараёнлар хусусида яхлит тасаввур беришга ундовчи "Янги Ўзбекистон стратегияси" дунё юзини кўрди. Юртбошимизнинг ушбу китобини ёруғ истиқболимиз учун ҳар бир соҳада амалга оширилиши мўлжалланган вазифалар белгилаб берилган нурли келажак дастурига менгзагим келди. Унда ҳар бир соҳада тўпланиб қолган муаммолар ва келгусида қилиниши керак бўлган муҳим ислоҳотлар ҳамда соҳалар вакиллари зиммасидаги улкан вазифалар кўрсатиб берилгани шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг келгусида зиммасидаги улкан масъулиятни ҳис қилишида муҳим аҳамият касб этади.
Асарни ўқиш жараёнида, маънавий тараққиёт стратегиясини яратиш йўлидаги ҳаракатларни амалга ошириш энг муҳим ва асосий вазифаларимиздан бири бўлиши зарурлигини англаб етдим ва маънавий тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқилишини қўллаб-қувватлайман.
Тириклик дунёсида яшаётган инсон борки, умр йўлларида ҳаловат топмоқ истаганда бир нурга интилиб яшайди. У инсон қалбидаги илоҳий нур, шуъла, юракларни ёндиргувчи машъала маънавиятдир. Инсон маънавияти ҳақида сўз кетганда, беихтиёр маънавиятли инсон билан маънавий қашшоқ инсон бажарган ишини қиёс қилсангиз, осмон билан ерча фарқ борлигини англайсиз. Лекин бу рўйи заминда яшаётган инсон борки, ҳаммаси ҳам Яратганнинг борлигини, руҳнинг эса мангу ўлмаслигини идрок қила олмайди. Шу боис, бунақа инсонларнинг маънавиятида ҳар доим ҳам кемтиклик бўлади. Маърифатли ва маънавияти юксак инсонгина аввало ўзи, оиласи ва жамият учун нима яхши, нима ёмон эканини англай олади. Тасаввур қила олади. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Акси бўлса-чи, маънавий қашшоқ инсонлар эса юрагида разолат, ўзгага яхшилик тилай олмаган, адовату нифоқ уруғини сепиб, турли жанжаллар чиқариб, элларнинг тинчлигини бузаётганлар эканлигини англаш қийин эмас. Бугунги кунда авлодлар олдидаги маънавий қарзини унутган кимсалар – маънавиятсиз инсонлар орамизда учраб туриши ҳам айни ҳақиқат.
Айниқса, маънавиятга панжа ортидан қараш ёки бўлмаса, ҳудудларда ўтказилаётган турли маънавий-маърифий тадбирларга ҳалиям юзаки муносабатда бўлиш, номига танловлар ўтказиш, ижтимоий-маънавий муҳитдаги муаммолар, ҳаттоки, бугун ҳам маънавиятни нима эканлигини англаб етмаган, соҳадан йироқ бўлган айрим кимсаларни маънавият соҳасидаги раҳбарлик лавозимларида фаолият юритаётгани ҳам кадрлар масаласида оғриқли муаммолар борлигидан дарак беради ва амалга оширилиши зарур бўлган ислоҳотлар қанчалик муҳимлигини кўрсатади. Қачонки, барча соҳада маънавият масаласи энг асосий масала бўлсагина, юраклар маънавият жилвасидан ёнсагина, қалб оламингиз равшанлашади.
Янги Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир инсон борки, бахтдан энтикиб, ҳаёт йўлларида қадр топиб, бошқача айтганда, ҳаётдан рози бўлиб яшашга ҳақли эканлигини ҳис қилиб умргузаронлик қилмоқда. Барчамизга маълумки, ҳаёт ҳеч қачон бир текис кетмайди. Унинг аламларга тўла дард изтироблари, чексиз шодликлар туҳфа қиладиган қувончга ўралган ёрқин лаҳзалари ҳам борлигига эътибор қиладиган бўлсак, бугун инсонни тушуниш илмини қандай эгаллаш мумкин деган ўйлар юрагимни безовта қилади. Ўз ўрнида ўзгаларга яхшиликни раво кўрадиган инсон сифатида инсонни тушуниш илмини маънавиятга бўлган муносабат билан белгилаш мумкин, деган хулосага келишни истардим. Ўйлайманки, азиз юртдошим, Сиз ҳам шу хулосага келасиз. Шу ўринда ўз-ўзидан маънавиятга муносабат, кўнгилларни шод этмасачи деган савол туғилиши табиий. Ҳа, жамиятдаги барча муносабатнинг мазмун ва сифатини белгилайдиган пойдевор деб эътироф қилинадиган маънавиятга муносабат ўзгармас экан, минг афсуски, маънавият зиёсини таратадиганларнинг айниқса, маънавиятга муносабати кўнгилни хира қилса, биз ўйлаган мақсадимизга етишда улкан муаммолар гирдобига тушиб қолишимиз мумкин.
Оддий мисол, бугунги кунда миллий ўзлик ва маънавий қадриятларимизга қарши таҳдид ва хатарлар кучайиб бораётган бир пайтда ёшларимизни телефонга муккасидан кетишини кўриб кўрмасликка олиш ҳолатларининг учраши аждодлари дунёни лол қолдирган миллат фарзандлари учун кечирарли ҳол эмаслиги юракка оғриқ солади. Деярли барча олий ўқув юртларида кун давомида неча марта шу ҳолатга дуч келамиз?! Аммо эътибор бермаймиз. Қалблари шунчалик сустлашиб кетганидан бўлса керакки, ушбу масалада лоқайдлик тўнини елкасига ташлаб олган юртдошларимизнинг борлиги айни фикрларимизнинг тўғрилигини тасдиқлайди. Фаровон ҳаёт, келгусида шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг муносиб турмуш тарзини яратиш мақсадида қабул қилинган қарорларнинг ижросини ҳам белгиланган вақтида таъминлай олмасликнинг учраши етарли муаммолар тўпланиб қолганидан дарак беради.
Бугун ёшлар тарбиясининг бўшашиб кетаётганининг ҳам сабаби бефарқлик ёки лоқайдлик эканини англаб етгимиз келмайди. Телефондан фойдаланишни тартибга солиш бўйича махсус қоидаларни ҳаётга татбиқ қилишни ҳам билсакда, ортга сураверамиз. Ёнимиздаги шеригимиз ёмон йўлга кириб кетаётганини билиб туриб ҳам, юрагимиз қалқиб кетмайди. Уни тўғри йўлга бошлаш ҳақида эса қайғуришни истамаймиз. Қайсидир танишимиз ёки ҳамкасбимиз коррупция балосига йўлиққанини билсак ҳам ёки тамагирлик қилаётганини сезсак ҳам, кўриб кўрмаганга, билиб билмаганга оламиз. Бу масалалар бизни юрак юрагимиздан безовта этадиган энг оғриқли масалаларга айланиши зарур эмасми?! Ёки бўлмаса, аудиториядаги дарсини ҳам эплаб ўта олмаётган ҳамкасбимизга йўл-йўриқ кўрсатиб, унинг камчилигини тузатиш устида ишлашимиз керак эмасми?! Ёки фақатгина шоир айтганидай, хато қилишини кутиб яшашимиз керакми?! Унда бизнинг юксак маънавият соҳибилигимиз қаерда қолади?! Маърифат ва маънавият масканларида ғийбат ва фисқу фасод, турли иғво ва бўҳтонлардан кўра, инсонни эзгулик сари йўллайдиган илм билан шуғулланишимиз шарт эмасми?! Юрагимизни поклайдиган, илоҳий нур каби кўнгил уйимизни обод айлайдиган мунаввар ёғду маънавиятни нима эканлигини англаш йўлидаги ишларимизни тартибга солиш вақти келмадимикан?! Ушбу саволларга кўнглимиз истаган жавобни ололмас эканмиз, янги маънавий маконни яратиш борасидаги вазифалар кўламини қандай ҳис қиламиз?! Президентимиз таъбири билан айтганда, "Янги маънавий макон нима? Менинг назаримда, у – биз орзу қилаётган Янги Ўзбекистоннинг маънавий қиёфаси яққол акс этадиган, халқимиз интилаётган ва эл-юртимиз бахтиёр яшайдиган маърифатли жамиятдир".
Албатта, бизга ушбу маърифатли жамиятни қуришда мунаввар ёғду маънавият ёрдам беради. Шу билан биргаликда, ушбу жамиятни барпо этишда профессор-ўқитувчилар ҳам асосий куч ва таянч бўлади. Беихтиёр шу ўринда маънавиятни мунаввар ёғдуга менгзагим келди. Мунаввар ёғдунинг шуъласи қанчалик нурафшон бўлса, кўнгиллар шунчалик ёғдуланади. Қалблар ёришади.
Талаба-ёшларнинг дарсдан бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқиб, келгусида турли маънавий-маърифий тадбирлар, танловлар ўтказишни, ижодий клублар очишни, соҳадаги фаолиятни акс эттирувчи туркум кўрсатувларни ташкил этишни режалаштирганмиз. Институтда фаолият кўрсатаётган маънавий-маърифий соҳадаги тўгаракларнинг натижадорлигини ошириш йўлидаги хайрли ишларимиз тизимли давом этади. "Янги Ўзбекистон стратегияси" бу йўлда нурли келажагимиз учун муҳим дастур, эзгулик нурини улашишда маёқ вазифасини ўтайди десам, муболаға бўлмайди. Нурли келажак учун қадам ташлаётган юраклар бир нарсадан, ҳамиша юлдуздек порлаб ёниб тураверади ҳамда мунаввар ёғду бўлиб нур сочиб турган маънавият маъшаласидан жилваланаверади. Зеро, бу мунаввар ёғду шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг қадри янада улуғ бўлиши учун нур сочиши аниқ.
Мирзоҳиджон Ботиров,
Фарғона политехника институти проректори
ЎзА