"Одамлардан тинглаб ҳикоя" китоби озарбайжон тилида
Таниқли ёзувчи, устоз ижодкор Хайриддин Султоннинг "Одамлардан тинглаб ҳикоя" китоби озарбайжон тилига таржима қилинди.
Мазкур тўплам Боку давлат университети профессори, адабиётшунос олим, "Дўстлик" ордени соҳиби Рамиз Асқар томонидан озарбайжон тилига ўгирилган.
Айтиш жоизки, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Озарбайжон ижодкорлари ўртасидаги адабий ҳамкорлик тобора ривожланиб бормоқда. Икки халқ ёзувчи ва шоирларининг ижод намуналарини таржима қилиш, ўрганиш, нашр этиш, тарғиб қилиш қамрови тобора кенгайди.

Ёзувчи Хайриддин Султоннинг "Одамлардан тинглаб ҳикоя" тўплами ҳаётий воқеалар, ҳамюртларимизнинг турмуши, кечмишлари ўзлари айтиб берган воқеликларга асослангани билан аҳамиятлидир.
Адибнинг ўттиз битта ҳикояси жамланган мазкур китобга Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид сўзбоши ёзган. Ушбу тўпламдан ўрин олган ҳикоялар бири бошқасини такрорламаслиги, бири бирига ўхшамайдиган ёрқин характерлар, қаҳрамонларнинг ички дунёси, қалб туғёнлари уларнинг бевосита ўз тили, ўз нутқи орқали очиб берилгани билан диққатга сазовордир. Бу эса ёзувчининг бир қарашда жуда оддий, содда бўлиб туюладиган, лекин аслида ғоят мураккаб бир ижодий услубни танлаб иш кўрганидан дарак беради.
Шуни ҳам айтиш керакки, озарбайжонлик Рамиз муаллим миллий адабиётимизни ўз юртида фаол тарғиб этиб келаётган жонкуяр зиёлилардан саналади. Рамиз Асқар Алишер Навоийнинг бешта девондан иборат "Хамса"си, Ҳусайн Бойқаронинг девони, "Бобурнома" ва Бобур девони таржимонидир.
Н.Усмонова, ЎзА