Одамлар бахтли ва фаровон яшашга ҳақлидир
Одамларимиз қаерда бўлмасин, ҳатто энг чекка ҳудудда ҳам бахтли ва фаровон турмуш кечиришга ҳақли.
Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, кенг кўламли бунёдкорлик лойиҳалари ана шу эзгу мақсадга қаратилган.
Фарғона вилояти Фарғона туманидаги Хонқиз қишлоғида 3 минг 600 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Кейинги йилларда бу ерда ҳам мамлакатимиздаги ислоҳотлар боис ўзгаришлар рўй берди. Тадбиркорлар сафи кенгайди, замонавий иншоотлар қад ростлади. Асосийси, одамларнинг кайфиятида жўшқинлик ҳукмрон.
Мазкур маҳаллада бўлиб ўтган “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” шиори остида тарғибот тадбирларида маънавият тарғиботчилари, олимлар, ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар, таниқли спортчилар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

–Юртимизда илм-маърифат, таълим, қўйингки, барча соҳаларда янги босқичга қадам қўйилди, – дейди юридик фанлари доктори, профессор Миродил Баратов. – Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ижобий самаралар бериб, аҳолининг турмуш фаровонлиги, маънавияти юксалмоқда. Халқаро миқёсда Ўзбекистоннинг нуфузи ортиб бормоқда. Ана шу ўзгаришлар, эришилаётган ютуқлар, бунёдкорлик ишлари, умуман, ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида юртдошларимизга янада кенгроқ маълумотлар бериш ўтказилаётган тадбирларнинг бош мақсадидир.
Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова ижросидаги қўшиқлар қишлоқ аҳлига байрам кайфиятини улашди. Рақсларга уланиб кетган тадбир унутилмас онларни бахш эта олди.
“Юқори Гулшан” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган тадбирларда аҳоли вакиллари, айниқса, ёшлар фаоллик кўрсатди. Ўтказилган суҳбат ва маърузалар юзасидан қизиқарли савол-жавоблар бўлди.
Тадбирлар доирасида намойиш этилган ёш рассомларнинг ижод намуналари, ҳунармандлар томонидан тайёрланган ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари, санъаткорлар томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар барчага хуш кайфият улашди.
"Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” шиори остидаги тарғибот тадбирлари Фарғона вилоятининг барча ҳудудларида давом этмоқда.
М.Сулаймонов, ЎзА