Жиззах вилояти телерадиокомпаниясида вилоят судлари фаолиятини очиқлиги, ошкоралиги ва шаффофлигини ошириш, судлар фаолияти билан жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида – жиноят, фуқаролик, иқтисодий ишлар бўйича ҳамда маъмурий судларнинг жорий йил биринчи чорагида одил судловни таъминлаш борасида амалга оширилган ишлари юзасидан журналистлар учун брифинг ташкил этилди.
Тадбирда вилоят жиноят, фуқаролик, иқтисодий ишлар бўйича ҳамда маъмурий судларнинг раис ва ўринбосарлари, республика ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.
Брифингда дастлаб вилоят жиноят ишлари бўйича судлари томонидан жорий йилнинг биринчи чораги давомида одил судловни амалга ошириш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берилди.
Жумладан, ҳисобот даврида 639 шахсга нисбатан 478 та жиноят ишлари кўриб тамомланган бўлиб, шундан 561 шахсга нисбатан 403 та жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилган. 77 шахсга нисбатан 74 та иш тугатилган. жиноят ишларининг кўрилиши ўтган йилга нисбатан 186 тага ёки 38,9 фоизга кўпайгани таъкидланди. Жами кўриб тамомланган жиноят ишларининг 187 тасини ижтимоий хавфи катта бўлмаган, 213 тасини унча оғир бўлмаган, 220 тасини оғир ва 19 тасини ўта оғир жиноятлар ташкил қилади. 551 нафар судланганларнинг 60 нафарини муқаддам судланган шахслар ташкил этиб, судланганлик кўрсаткичи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 246 нафарга ёки 44,6 фоизга кўпайган. Ушбу даврда 9 шахсга нисбатан 5 та жиноят иши бўйича тақдим этилган кафиллик хатлари инобатга олинган ҳолда шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган. Хисобот даврида 50 нафар аёлга, 251 нафар ёшга ва шундан 8 нафар вояга етмаганларга нисбатан жиноят ишлари кўриб чиқилган.
Шунингдек, барча инстанцияларда 4 нафар шахсга оқлов ҳукмлари чиқарилган бўлса, 124 шахсга нисбатан 87 та иш бўйича дастлабки тергов органи томонидан нотўғри қўйилган айбловлар ўзгартирилиб, ҳукм чиқарилган.
– Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг кўрилиши бўйича берилган маълумотга кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 4 минг 552 шахсга нисбатан 3 минг 960 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилган, – дейди вилоят маъмурий суди судяси Тўрабек Қодирқулов. – Вилоят ва туманлараро маъмурий судлари томонидан жорий йил биринчи чорагида одил судловни амалга ошириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, вилоят маъмурий судлари томонидан 240 та иш ва материллар кўриб тамомланган. Шундан, 131 тасини оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича ишлар, 79 тасини материаллар ташкил қилган бўлса, 30 та ишлар апелляция инстанция судида кўриб тамомланган.
Жорий йилнинг биринчи чорагида туманлараро маъмурий суди иш юритувига келиб тушган оммавий ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ ишлардан 131 та ариза бўйича ишлар кўриб тамомланган ва шундан 75 таси қаноатлантирилган, 49 таси рад этилган, 4 та иш тугатилган ва 3 та иш эса кўрилмасдан қолдирилган.
Жиззах вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раисининг берган маълумотига кўра, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 4 минг 143 та фуқаролик ишлари кўриб якунланиб, ўтган даврга нисбатан 1 минг 261 тага кўпайган. Ҳар бир судьяга ўртача бир ойда 138,1 тадан иш тўғри келган.
– Кўрилган 4 минг 143 та фуқаролик ишларининг 3 минг 787 таси бўйича ҳал қилув қарорлари чиқарилган ва шундан 3 минг 260 таси қаноатлантирилган, 527 таси рад этилган, 97 та фуқаролик иши иш юритишдан тугатилиб, 256 та даъво аризалар кўрмасдан қолдирилган, – дейди вилоят суди раисининг ўринбосари Акром Шукуров. – Ҳисобот даврида кредит қарз ундириш ҳақидаги 2 минг 158 та иш кўриб чиқилган ёки бу кўрсатгич – ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 903 тага кўпайган.
Шунингдек, 2021 йилдан 2022 йилга жами 552 та даъво ариза ва аризалар қолдиқ бўлиб ўтган ҳамда жорий йилнинг биринчи чорагида вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати, туманлараро ва туман иқтисодий судлари томонидан жами 2 минг 331 та (ўтган 2021 йилнинг биринчи чорагида 2 минг 271 та) иқтисодий ишлар кўриб чиқилиб, ҳисобот даврининг охирига жами 836 та иқтисодий ишлар қолдиқ бўлиб ўтган.
Хулоса ўрнида, судлар томонидан амалга оширилаётган барча ишлар албатта мамлакатимиз фуқароларининг ҳуқуқ ва эрикинликларини ҳимоя қилишга қаратилган десак муболаға бўлмайди. Тадбир сўнгида журналистларнинг вилоят судлари билан боғлиқ саволларига жиноят, фуқаролик, иқтисодий ишлар бўйича ҳамда маъмурий судларнинг раис ва ўринбосарлари томонидан батафсил жавоб берилди.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА