Очиқ мулоқотлар ҳамкорликни мустаҳкамлайди
Бухоро вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Б.Муратов томонидан Ғиждувон туманида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари билан навбатдаги сайёр қабул ўтказилди.
Унда йигирмадан ортиқ тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди ва мурожаатлар тингланди. Тадбир давомида бир қатор конструктив таклифлар ҳам илгари сурилди. Жумладан, “Парвоз Ҳумо Равнақ Транс” МЧЖ вакиллари томонидан “Олот” чегара божхона пости ҳудудида бож олинмайдиган савдо дўкони (duty-free shop) ташкил этиш таклифи билдирилди. Мазкур ташаббус савдо-сотиқни жонлантириш, туристлар оқимини ошириш, миллий маҳсулотлар экспортини қўллаб-қувватлаш ҳамда янги иш ўринлари яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Бож олинмайдиган савдо дўконлари харидорлар учун рақобатбардош, арзон нархларни таклиф этиш имконини беради. Шу билан бирга, бу каби савдо нуқталари хорижий валюта оқимини кўпайтиради, туризм ва халқаро савдо алоқаларини кенгайтиради ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини ташқи бозорга олиб чиқишда қўшимча имконият яратади.

Сайёр қабул жараёнида ҳар бир иштирокчининг мурожаати ва саволлари бўйича малакали мутахассислар жалб этилиб, амалий кўмак бериш асосий вазифа этиб белгиланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.