Бухоро шаҳридаги ННТ ва Дўстлик уйида Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди раҳбари Отабек Ҳусанов томонидан вилоятда фаолият юритаётган фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Унда халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти, вилоят, шаҳар, туман Кенгашлари депутатлари, вилоятда фаолият олиб бораётган Нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар қатнашди.
Очиқ мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан эълон қилинган давлат гранти танлови, лойиҳаларни тақдим этиш ҳамда ngo.gov.uz платформаси имкониятлари ҳақида тушунтириш берилди.
Мулоқотда фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, давлат ва жамият ҳаётида уларнинг фаоллигини янада ошириш, ижтимоий муаммолар ечимига қаратилган ташаббус ва лойиҳаларни амалга ошириш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Тадбир иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари томонидан аниқ жавоб олди.
Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлар раҳбарларининг мурожаати ҳам тингланди ва уларда кўтарилган масалалар жойида муҳокама қилинди ва ижроси таъминланди.
Очиқ мулоқотдан сўнг, О. Ҳусанов вилоятда фаолият олиб бораётган миллий маданий марказлар фаолияти, улар учун яратиб берилган шарт-шароитлар ўрганилди. Улар билан суҳбат жараёнида амалга оширилаётган ишлар, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан ажратилаётган субсидияларнинг мақсадли ишлатилаётганлиги ва галдаги вазифалар муҳокама қилинди.
[gallery-23549]
Айни кунда вилоятда 12 та миллий-маданий марказлар фаолият юритмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан 2021 йилда Бухоро шаҳри, Иброҳим Мўминов кўчаси, 30-уйда Нодавлат нотижорат ташкилотлари “Дўстлик уйи” ташкил этилган.
Мазкур бинода миллий-маданий марказлар учун алоҳида хоналар ажратилиб, зарур компьютер жамланмаси, ахборот технологиялари, қаттиқ ва юмшоқ мебель билан таъминланган. Ҳозирда бу масканда 10 та миллий маданий маркази ҳамда 4 та нодавлат-нотижорат ташкилоти фаолият юритмоқда.
Шунингдек, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик мавзуларида вилоят телевидениесида ҳар ҳафтада бир маротаба “Олтин силсила”, тожик тилида “Поёми рўз”, рус тилида “Неделя” кўрсатувлари эфирга узатиб келинмоқда. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши муассислигида “Бухарский вестник” газетаси рус тилида ҳафтада икки маротаба чоп этилмоқда. Миллий-маданий марказлар томонидан вилоятда истиқомат қилаётган турли миллатларнинг урф-одатлари, қадриятлари, кийимлари ҳамда миллий таомларини акс эттирувчи “Сабантўй”, “Масленица”, “Халқлар дўстлиги куни”, “Бағрикенглик ҳафталиги” каби байрам тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Иштирокчилар Қоракўл туманида Давлат ижтимоий буюрмаси асосида қурилаётган Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Қоракўл тумани бўлимининг янги замонавий бинода амалга оширилаётган ишлар билан танишилди ва керакли маслаҳатлар берилди.
Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди раҳбари 2024 йилда фойдаланишга топширилган Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Бухоро вилояти Шофиркон ўқув ишлаб чиқариш корхонасида ҳам бўлди. У ерда яратилган шарт-шароитларни ўрганди.
Ўтган 2023 йилда Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Бухоро вилоят бўлимининг “Эзгулик рамзи” ижтимоий лойиҳаси ҳамда Шофиркон тумани ҳокимлигининг давлат ижтимоий буюртмаси асосида тумандаги кўришда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ва меҳнат шароитларини яхшилаш мақсадида бу ердаги мавжуд бино-иншоотларни реконструкция қилишга киришилди.
Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан 1 миллиард 400 миллион сўм миқдорида давлат субсидия маблағи ажратилди.
Лойиҳа доирасидаги ишлар ниҳоясига етиб, натижада “O'rikzor Ipak yo'li tesktil” МЧЖ қурилиш ташкилоти томонидан 225 метр квадратдан иборат ишлаб чиқариш цехи, 200 метр квадратдан иборат икки қаватли маъмурий бино янгиланди. Маънавият зали ва савдо дўкони учун мўлжалланган объект қурилди. Яна иккита ишлаб чиқариш цехи реконструкция қилинди. Эътиборли томони, умумий ҳисобда 25 нафар ишчи-ходимга замонавий меҳнат шароити яратилди.
Мазкур корхона имконияти чекланган, айниқса, кўришда нуқсони бор шахсларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг жамият ҳаётида янада фаол бўлиши учун муҳим объектга айланди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/54m0rdYOSpM?si=c0CzL0cMImcH8oqU" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.