"Очиқ эшиклар куни" ноанъанавий тарзда ўтказилди
Адлия вазирлиги ташаббуси билан бутун мамлакатимиз бўйлаб ташкил этилаётган “Очиқ эшиклар куни” тадбирлари Наманган вилоятида ҳам кўтаринки кайфиятда ўтди.
Наманган шаҳар давлат хизматлари маркази биносида ўтказилган мазкур тадбирда 800 га яқин аҳоли ва тадбиркорлик субъекти, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Меҳмонлар олтита гуруҳга бўлиниб, улар учун махсус экскурсиялар уюштирилди. Иштирокчилар адлия тизими фаолиятига оид турли бурчакларда суд-экспертизага оид жиҳозлар, давлат хизматлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар, Наманган юридик техникумининг таълим жараёнига тегишли тарқатма материаллари, архив ҳужжатларидан намуналар, интеллектуал мулкка тегишли ихтиро, фойдали модел, саноат намуналари, “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази томонидан нашр этилаётган энг сўнгги қўлланма билан танишиб, маҳоратли гидлар ёрдамида бошқармага оид қизиқарли маълумотларга эга бўлди.

Дастлаб тадбир иштирокчиларига давлат хизматлари марказларида яратилган шароитлар, кўрсатилаётган хизматлар ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, Наманган вилояти Архив иши ҳудудий бошқармаси томонидан кўргазма ташкил этилиб, тарихий ҳужжатлар намойиш қилинди.
“Очиқ эшиклар куни” тадбирлари доирасида ногиронлиги бор ўғил-қизлар ўртасида "Расмлар танлови" ҳам ўтказилиб, болажонлар адлия соҳасига доир расмлар чизиб, тадбирга ўзгача шукуҳ улашдилар.

– Барчага бирдек манзур бўлган яна бир жиҳат, “Очиқ эшиклар куни” тадбирида адлия фахрийлар кенгаши аъзолари томонидан ташкил этилган бурчак бўлди, – дейди Наманган вилояти Адлия бошқармаси масъул ходими Фозилжон Жўрабоев.–- Унда фахрийларнинг йил давомида амалга оширган ишлари акс эттирилган видео ва фото кўргазмалар барчани бирдек хурсанд қилди.

Юридик техникум ўқувчилари томонидан викторина ҳам ўтказилди. Наманган шаҳар Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими ходимлари икки ёшнинг никоҳини айнан мазкур тадбир давомида расмийлаштиришди. Бу воқеа эса, келин-куёвларнинг бир умр ёдидан чиқмайдиган тантанага айланди.


"Очиқ эшиклар" кунида фаол иштирок этган ҳамкор ташкилотлар, шунингдек, расмлар танлови ғолиблари, викторина саволларига тўғри жавоб берган иштирокчилар Наманган вилояти адлия бошқармаси томонидан тақдирланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири