Оч бўлса ҳам орини сотмаган одамлар
Ёки ногиронлар яшайдиган кўп қаватли уйдаги 84 оиладан ким хабар олади?
Ёки ногиронлар яшайдиган кўп қаватли уйдаги 84 оиладан ким хабар олади?
Синовли кунлар саховат қадрини, сабрнинг қийматини яна бир бор намоён этди. Айни вақтда ношукурлик, ўзини кўз-кўз қилиш каби иллатлар ҳам ўзига яраша баҳосини олмоқда.
Бу масалалар жамиятимизда катта бир жараённи, бугунги ҳаётимиз манзарасини кўз ўнгимизда намоён этаётир. Бироқ, бу манзара ичра кўзга кўринмай қолаётганлар, ҳақини таниса-да, уни ажратиб ололмаётганлар ҳам йўқ эмас.
Янада аниқроғи, кўп ҳолларда ёрдамга муҳтож бўлиб қолган кишиларнинг руҳи чўкиб, ёрдам сўрашга гоҳида журъати етмайди. Сабр-тоқатли, андишали бундай кишилар қозони қайнамаса ҳам буни бировга билдиргиси келмайди. Булар оч бўлса ҳам орини ҳеч қачон сотмайдиган ориятли одамлардир.
Бундай одамлар ҳозир йўқ, дейсизми? Афсуски, янглишдингиз. Шундай одамлар бор, улар Тошкент шаҳри Сергели тумани “Ҳумо” маҳалласида жойлашган кўп қаватли 26-уйда истиқомат қилади.
Асосан ногиронлар яшайдиган бу уйда 84 оила истиқомат қилади. Бу оилаларнинг ҳар бирида камита бир нафардан ногирон бор.
Тўғри, уларнинг кўпчилиги ногиронлик нафақасини олади. Аммо унчалик катта бўлмаган бу маблағ уларнинг дори-дармонидан ортмайди.
Карантин бошланганидан бери бу уйда яшовчиларнинг кўпчилиги қийин аҳволга тушган. Шу уйда истиқомат қилувчилардан бири ногирон ўғлини уйда қолдириб бўлса-да, ризқ топиш учун кунлик ишларни бажарар экан. Карантин бошлангач эса уйдан чиқмагани учун рўзғорида муаммолар бошланган. Ҳатто қозон қайната олмай қолган.
Кўзлари кўрмайдиган яна бир кишининг ҳолидан эса шундоғам қийналиб яшайдиган қўни-қўшнилари хабар олиб, баҳоли-қудрат овқат бериб туришади.
Ногирон синглиси ҳамда ногирон боласи билан яшайдиган яна бир аёл ҳам қийин аҳволда...
Кўп қаватли уйдаги бу каби манзарани кўриб, чидай олмаган, ҳатто ўзи ҳам ёрдамга муҳтож бўлган Шоҳиста Мелиқўзиева эса вазиятни маҳалла раисига тушунтирган.
- Карантин жорий этилганидан бери маҳалладан бир марта ёрдам кўрсатилди, — дейди Ш.Мелиқўзиева. — 84 оила истиқомат қиладиган уйдаги фақат ўнта хонадонга бир килограммдан гўшт тарқатилди. Қийналиб яшаётганлар кўпчилик, бошқаларга ҳам ёрдам кераклигини айтганимизда, маҳалла идорасидагилар “ҳомийлар маҳсулот олиб келса берамиз”, деган жавобни берди. Давлат томонидан ташкил этилган хайрия марказининг 1197 рақамли телефонига негадир ҳеч туша олмадик.
Аёлнинг гапидан кейин ушбу рақамга қўнғироқ қилишни бошладим. Афсуски, ўн марталаб уриниб кўрсам ҳам “ҳозирги вақтда барча операторлар банд”, деган сўзларни эшитишдан нарига ўта олмадим. Ҳатто кутиб туриш учун ҳам имкон берилмаслиги, тўғриси, мени ҳайрон қолдирди...
Кейинги пайтда хайриялар, саховат ишлари ҳақида кўп гапирдик. Аммо юқоридаги ҳолат савобли ишларнинг доим ҳам ўз манзилини топа олмаётганини кўрсатмоқда.
Қозони қайнамаётган одамнинг қўлига бир ҳовуч гуруч, ун ва ёғ берилса ҳам кўзига суртиши аниқ. Улар баъзи ношукурларга ўхшаб “бу менга кам”, демайди ҳатто. Бўлмаса, ногирон боласини ўтқазиб қўйиб, видеолар олиш, дийдиё қилиб ҳамманинг эътиборини тортиш уларнинг ҳам қўлидан келарди. Бунга уларнинг ор-номуси йўл қўймаганки, шундай йўл тутмаган. Биз бу одамлар ҳақида тасодифан эшитмаганимизда буёғига ҳам биров билмасди.
Мана шундай ҳақиқий муҳтожлар эътиборингиздан четда қолмасин, ҳиммати баланд саховатпешалар!
Сергели тумани “Ҳумо” маҳалласига масъул шахслар, ногиронлар яшайдиган шу уйдан ҳам хабар олинг, илтимос! Ахир уларнинг рўйхатини шакллантириб, хайрия марказидан ёрдам олиб бериш қўлингиздан келди-ку!