Обуначи зарар кўрмасин
"Ўзбекистон почтаси" акциядорлик жамияти бош директори вазифасини бажарувчи Алишер Файзуллаев, "Матбуот тарқатувчи" акциядорлик компанияси бош директори вазифасини бажарувчи Даврон Сафаров ушбу масала юзасидан атрофлича маълумот берди.
Давлатимиз раҳбари Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилган тантанали йиғилишда кейинги йилларда "мажбурий обуна" баҳонасида ихтиёрий обуна ҳам йўқ бўлгани, натижада муштарийлар ўз нашрларидан ажралиб қолганини таъкидлаб, бу борада соҳа мутасаддиларининг вазифалари хусусида алоҳида тўхталган, шунингдек, 5 октябрда ўтказилган йиғилишда почта тизимини ислоҳ этишнинг долзарб масалалари муҳокама этилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида мазкур соҳага дахлдор ташкилотларнинг мутасаддилари иштирокида 2021 йил даврий босма нашрларга обунани ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
"Ўзбекистон почтаси" акциядорлик жамияти бош директори вазифасини бажарувчи Алишер Файзуллаев, "Матбуот тарқатувчи" акциядорлик компанияси бош директори вазифасини бажарувчи Даврон Сафаров ушбу масала юзасидан атрофлича маълумот берди.
Жумладан, "Ўзбекистон почтаси" АЖ почта алоқаси миллий оператори ҳисобланиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида юридик ҳамда жисмоний шахсларга почта хизматлари билан бирга маҳаллий ва чет эл нашрларини обуна ва чакана савдо орқали етказиб бериш хизматини кўрсатмоқда.
Бугунги кунда даврий нашрларни тарқатиш бозорида мазкур тузилманинг улуши йил сайин камайиб бормоқда. 2017 йилда 5 миллион 697 минг 408, 2020 йилда эса 2 миллион 50 минг 773 комплект обуна расмийлаштирилган. 2017 ва 2020 йиллар таҳлил этилганда, почтанинг улуши 65 фоизга камайиб кетган. Бу эса босма нашрларнинг тиражи камайгани, обуна суръати пасайгани, почта тизимида иш ўринлари, жойларда алоқа бўлимларининг қисқаргани билан боғлиқдир.
Сўнгги йилларда даврий нашрларни тарқатиш бозорида юртимиз бўйича обуна ва матбуот тарқатиш билан шуғулланувчи 700 дан ортиқ хусусий корхона ва фирмалар асосан аҳоли гавжум бўлган, сердаромад ҳисобланган вилоят марказлари ва шаҳарларда фаолият юритмоқда. Бу ҳудудларда битта хизматга сарфланадиган харажат миқдори камлиги ҳамда мижозлар сонининг кўплиги хусусий тузилмаларни ўзига жалб этади.
Даврий нашрларни етказиб бериш бозорида хусусий фирма ва корхоналар сердаромад ҳисобланган туман ва шаҳар марказларидан йирик корхона ва ташкилотлар, таълим масканлари, давлат муассасаларини қамраб олиши, серхаражат ҳисобланган қишлоқ жойлари, овуллар, тоғли ҳудудлардаги тарқоқ жойларга почта корхоналари томонидан хизмат кўрсатилиши бу корхоналарнинг сердаромад ҳудудлардаги улушининг камайиб кетишига, тарқоқ ҳудудлардаги хизмат кўрсатиш харажатларининг қопланмаслигига, даврий нашрларнинг истеъмолчига ўз вақтида етказилмаслигига, нашрларнинг ойлаб тўпланиб қолишига олиб келмоқда.
"Ўзбекистон почтаси" АЖ томонидан даврий нашрларни ўз вақтида етказиб бериш ва мижозларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида мазкур тузилма таркибида 14 та ҳудудий филиал, битта ихтисослаштирилган "Халқаро почтамт" филиали, 26 та туманлараро ҳамда 127 та туман, шаҳар почта алоқа тармоғи 1791 та почта алоқа бўлимига бирлаштириб, почта жўнатмаларини ўз вақтида етказиб беришда 3 та авиа, 275 дан ортиқ автомобиль почта ташиш йўналишлари бўйича фаолият кўрсатмоқда. Шу билан бирга, шаҳарлараро йўналишларда қатновчи автобуслар орқали ҳам қўшимча тарзда етказиш бўйича шартномалар тузилиб, зарур чоралар кўрилмоқда. Молиявий имкониятлардан келиб чиққан ҳолда транспорт парки доимий янгиланмоқда. Ишни тезлаштириш учун почтачилар скутер ва велосипедлар билан таъминланмоқда.
2020 йил июль ойидан бошлаб жисмоний шахслар томонидан даврий нашрларга обуна бўлиш учун хонадон ёки офисдан чиқмасдан pochta.uz, payme.uz ва payme мобиль иловаларидан фойдаланган ҳолда расмийлаштириш имконияти яратилган.
2021 йилги обуна мавсуми учун 5606 дона маҳаллий ва чет эл нашрлари обуна каталоги ишлаб чиқилиб, юртимизнинг барча ҳудудларидаги почта корхоналари орқали обуна қабул қилиш ишлари бошланган.
Матбуот анжуманида таҳририятлар ва "Ўзбекистон почтаси" АЖ ҳамда матбуот тарқатиш тузилмаси ўртасидаги айрим муаммолар ҳам ўртага ташланди.
Масалан, таҳририятлар ва ушбу тузилмалар ўртасидаги шартномалар бажарилишининг кўнгилдагидек эмаслиги, таҳририятлардан катта миқдордаги қарздорликка оид муаммолар мавжуд. Бу эса, ўз навбатида босма нашрлар фаолиятига таъсир этмай қолмайди. Почта соҳаси мутасаддилари мазкур ҳолатни почта фаолияти ривожланмаётгани, айланма маблағлар ва бошқа жиҳатларга боғлиқлиги билан изоҳлади. Келгусида эса ушбу камчиликларни ўзгартириш, ҳудудий филиаллар билан марказлашган тарзда ишлаш, қарздорликни график тарзда қайтариш орқали ҳал этилишини билдирди.
Матбуот анжумани почта, матбуот тарқатиш хизматлари ҳамда таҳририятлар ўртасидаги муносабатларга ойдинлик киритиш, муаммоларни ўз вақтида тўғри бартараф этиш йўлларини аниқлаштириб олиш билан ҳам фойдали бўлди.