Ободликка юз тутган Яккатом
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Яккатом маҳалласида “Обод қишлоқ” дастури доирасида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Ҳудудда ичимлик суви, электр энергияси таъминоти яхшиланди. Жойларга тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди, 6 километр ички йўл асфальтланди, 7 километр тупроқ йўл эса шағалланди. 22-умумтаълим мактаби мукаммал таъмирланди, маҳалла фуқаролар йиғини янги бинога эга бўлди.
[gallery-6008]
– Ободончилик ишларидан аҳоли жуда хурсанд, - дейди ушбу маҳаллада яшовчи нуроний Билолхон Рустамов. – Маҳалладошлар билан янгиланиш фасли кўкламни муносиб кутиб олдик. Дам олиш кунлари ҳамжиҳатлик билан ҳашар ўтказдик. Хонадон эгалари ҳовли ва кўча қисмини тартибга келтирди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига ҳам ўз ҳиссамизни қўшдик. Манзарали ва мевали дарахт кўчатларини экдик. Баҳор бизнинг маҳалладан бошланди.
Айни пайтда ҳудуддаги “Ахси саййидлари” илмий-маърифий мажмуасида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бу ерда тез орада Ҳунармандчилик ва хаттотлик мактаби, музей ва жоме масжидининг янги биноси қад кўтаради.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА