Ободликка юз тутган – Бузаубай
Бизнинг “Узунқудуқ” овул фуқаролар йиғини «Базаубай” овули Учқудуқ тумани марказидан қарийб 120 киломтер, туман маркази эса вилоят марказидан қарийиб 350 километр узоқликда жойлашган.
Аммо шунга қарамасдан юртимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар натижасида бугун маҳалламиз обод ва кўркам гўшага айланди.
“Обод қишлоқ” дастури бугун чекка-чекка ҳудудлардаги аҳоли пунктларида барпо этилаётган замонавий уй-жойлар, таълим муассасалари, дам олиш масканларию қатор хизмат кўрсатиш шохобчаларининг янгича қиёфасида ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда. Одамларнинг ҳаётдан мамнунлиги, зарур қулайлик ва имкониятларга эга бўлган масканларда яшаётганидан шодонлик ҳисси замирида бир ҳақиқат — қишлоқларни обод қилиш йўлидаги ислоҳотлар ётибди, десак муболаға бўлмайди.

Овулда 15-умумтаълим мактаби 1 миллиард 785 миллион сўм маблағ, 9-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти филиали бўлган овул болалар боғчаси биноси 495,5 миллион сўм маблағ эвазига тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Шунингдек, 1 миллиард 647,6 миллион сўм маблағ сарфланиб, 1,8 километр овул ички йўлларига асфальт ётқизилган бўлса, яна 0,9 киломтер йўлга қум-шағал қопламаси тўшалди. 1 миллиард 159 миллион сўм маблағ эвазига овулдаги трансформатор, 6,5 киломтер узунликдаги электр узатиш тармоғи мукаммал таъмирланиб, 6 киломтер узунликда электр узатиш тармоғи янгидан тортилди. Ижтимоий кўмакка муҳтож 7 та оиланинг яшаш хонадонлари 75 миллион сўм маблағ сарфланиб таъмирлаб берилди.

Эътиборлиси, туман ҳокимлиги ҳомийлигида 15-умумий ўрта таълим мактаби қошида ташкил этилган тикувчи хонада ҳунар ўрганишга қизиққан хотин-қизлар ҳамда тикувчилик сирларини ўрганишга иштиёқманд ўқувчи-қизлар ҳунар эгалламоқда.
Хуллас, кейинги 2-3 йил ичида ҳудудимиз гарчи чўл ҳудуди саналсада, бу ерда мисли кўрилмаган бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Аҳоли турмуш даражасида ҳам ҳар томонлама ўсишга эришилмоқда. Уларнинг яшаш шароити ўзгармоқда. Ҳуллас, бугун юртимизнинг қайси гўшасига борманг кунда бир ўзгариш, янгилик. Зеро, обод юртда файз – барака бўлади, одамлар ўртасида меҳр – оқибат ҳукм суради, турмуш фаровон бўлади.
Тажидаулет Жанаев,
“Узунқудуқ” овул фуқаролар йиғини раиси