Ободликдан четда қолаётган “Зилол” (+видео)
ФОТОТАНҚИД
“Зилол” маҳалла фуқаролар йиғини Жиззах шаҳри марказига яқин бўлса-да, ободликдан, эътибордан четда қолган. Айниқса, кўп қаватли турар-жойлар.
Ушбу кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолини бир неча йиллардан буён қийнаб келаётган асосий муаммо - бу чиқиндилар ва чиқиндихоналар масаласи. Айни муаммони бартараф этиш учун зилолликлар Жиззах шаҳар мутасаддиларига мурожаат қилишса, “Бу МФЙ Шароф Рашидов тумани ҳудудига киради, ўша туман ҳокимлигига учранг”, дейишади. Шароф Рашидов тумани мутасаддилари жавоби ҳам шундай - “Бу бизнинг ҳудудмас!”. Шу тариқа, йиллар ўтяптики, чиқинди масаласи тартибга солинмаётир. “Ёз кунлари чиқиндихоналарнинг бадбўй ҳидига чидаш қийин, шамол туриши билан кўп қаватли уйлар атрофида чиқиндилар “қувлашмачоқ” ўйнайди. Хуллас, бормаган идорамиз, шикоят қилмаган ташкилотимиз қолмаган,”- дейди маҳаллий аҳоли вакиллари.
Кўп қаватли уйлар атрофини кўздан кечирар эканмиз, йўл ёқасидаги лотоклардан чиқарилган лой ва чиқиндилар ўз ҳолига ташлаб қўйилганини кўрдик. Бу ердан оқиб ўтувчи ариқ эса ачинарли аҳволда.
[gallery-15845]
- Маҳалламиз аросатда қолган, - дейди “Зилол” МФЙ Мустақиллик кўчаси 1-уйда яшовчи Фарҳод Неъматов. - Ҳудуд Шароф Рашидов туманига қарайди, кўп қаватли уйларда яшовчилар эса Жиззах шаҳри рўйхатида туради. Чиқиндиларни олиб кетишга келганда ҳамма жим. Бунинг устига канализация тармоғи ҳам яхшимас. Ёғин-сочинда подъездларимизни сув босади.
- Кўчиб келганимизга етти йилдан ошди, - дейди кўп қаватли уйларнинг бирида яшовчи Шоҳида Саидазимова. - Болалар майдончамиз йўқ. Чиқиндихонани айтмаса ҳам бўлади. Ойма-ой чиқинди учун тўловларни тўласак ҳам, вақтида чиқиндиларни олиб кетишмайди. Натижада уйларимиз атрофи чиқиндизор бўлиб кетади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/KqA-rh7fRRM" title="Obodlikdan chetda qolayotgan “Zilol”" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Биз бу гал масъуллар фикрини билишга ошиқмадик. Чунки маҳалладаги аҳвол масъулларнинг ўз вазифасига қанчалар масъулиятсиз ёндашаётганидан далолат бериб турибди. Кўрган манзараларимизни фотообъективимизга муҳрладик, холос.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат, видео), ЎзА.