Ободлик ва фаровонлик манзиллари
Фарғона вилоятининг ҳар бир ҳудуди истиқлол йилларида янада обод бўлди, чирой очди. Айниқса, қишлоқларнинг таровати ўзгача, шукуҳли. Бунёдкорлик ва янгиланиш нафақат шаҳар ва туманларни, балки одамларнинг дунёқарашини ҳам ўзгартирмоқда. Буни Данғара тумани мисолида яққол кўриш мумкин.
Қамчиқ довони йўли орқали Фарғона вилоятига кириб келаркансиз, бу заминга қадам қўясиз. Аксарият йўловчилар Чағали қишлоғи ҳудудидаги нон растасида бир дам тўхтаб, албатта, Қўқон патирларидан харид қилишади. “Акмал патир”, “Санжар патир” каби брендга айланган хуштаъм нонларнинг ўз харидорлари бор.
– Йигирма йилдан буён патир нон сотаман. Хамир қоришдан тортиб уни сотишгача бўлган барча жараёнлар иштирокчисиман, – дейди очиқ юз ила нон растасида сотувчилик қилаётган Шаҳнозахон Ўринова. – Нон ризқ-рўзимиз, тўкин-сочинлик рамзи. Буғдой, ун тақчил бўлган замонларни ҳам кўрдик. Бозорчадаги турли-туман нонларни кўриб, бугунги фаровон кунлар учун шукрона айтамиз.
Тадбиркор Камолиддин Арслонов машҳур “Санжар патир” нонлари “ижодкори”. Бугун унинг бошчилигида 60 нафардан ортиқ новвойлар фаолият кўрсатиб келмоқда. Камтар ва ҳожатбарор тадбиркор яна қўшимча иш ўринлари яратиш иштиёқида.
– Тўрт йилдан бери шу ерда новвойчилик қиламан, – дейди тандирдан нон узаётган Элдоржон Ирисбоев. – Кам бўлганимиз йўқ. Асосан, Чағали қишлоғидан, қолаверса, бошқа шаҳар-туманлардан ҳам ёшлар келиб иш ўрганади. Кеча тунда бошланган ҳаракатимиз меваси бу патирлар...
Тандирдан янги узилган, қайноқ патирларнинг хуш бўйи кишини маст қилади. Саховатли замин ва фидойи деҳқонлар меҳнатига тасанно, тинч-фаровон ҳаётимизга шукроналик мадҳи бўлиб кўнгилларни юксалтиради.
Йўл юрмоқ – роҳат, йўл қурмоқ – савоб
Мамлакат ривожи, фуқаролар турмушининг фаровонлигини автомобиль йўлларининг сифати, йўл инфратузилмасининг қайдаражада тараққий этганлиги ҳам белгилаб беради. Янги Ўзбекистоннинг янги қиёфасини барпо этишда, она Ватанимизнинг юксак тараққиётини таъминлашда, ҳаётимизни янада обод ва фаровон этишда йўлсозларнинг ҳам алоҳида ҳиссаси бор, албатта.
Тумандаги ички йўллар, аҳоли яшаш ҳудудларидаги кўчалар кейинги тўрт йилда тубдан яхшиланмоқда. “Обод қишлоқ” дастури асосидаги ишлар бу борада муҳим аҳамият касб этаётир. Данғара туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси директори Зарифжон Назировни “Таптиқсарой” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қизғин иш жараёнида учратдик. Шағал ортган юк машиналари, грейдерларнинг шовқини, эгнига сариқ нимча илган йўлсозлар шижоати-ю ғайратидан кўтарилган чангдан четроққа ўтиб, уни суҳбатга тортдик.
– Йўл қуриш савоб. Яшаш жойингдаги кўчалар текис, ораста ва обод бўлишига нима етсин, – дейди пешонасидаги терни артаркан корхона раҳбари. – Туманимиздан халқаро ва вилоятлараро йўллар ўтган. Бундан ташқари, минг километрдан ортиқ ички йўллар мавжуд. Уларнинг 300 километри асфальтланган, қолган қисмига ҳам асфальт ётқизиш ҳаракатидамиз. Ҳозирча ички йўлларга шағал тўкиш, шиббалаш, йўл четларини замонавий инфратузилмаларга мос равишда қайта қуриш ишларини олиб боряпмиз.
“Қизил мушт” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Чек ер қишлоғида икки километрлик замонавий йўл қурилиши эътиборимизни тортди. Кенг-мўлгина йўл четларига тартиб билан икки қатор арча, сосна кўчатлари экилган. Пиёдалар ва велосипедлар учун ажратилган алоҳида йўлак келгусида қишлоқ аҳли учун сайр, югуриш ва дам олишга шароит яратгани кишини қувонтиради.
– Бошқа қишлоқлардаги равон ва текис йўлларни кўриб ҳавас қилардик, – дейди “Бирдамлик” маҳалласида яшовчи Бердали Шералиев қувончини яширмай. – Мана, бизнинг маҳалламиз йўллари ҳам ҳавас қиларли бўляпти. Барака топишсин. Лой, ўнқир-чўнқир йўллар энди тарихда қолади. Тўй-маъракаларда меҳмонларни уялмай уйимизга таклиф қиладиган бўлдик.
Импорт ўрнига экспорт, кейин кластер...
Данғарада ишнинг кўзини биладиган тадбиркорлар бисёр. 2010 йили ўз фаолиятини бошлаган “Аюбхон текстиль” масъулияти чекланган жамиятини кўпчилик билади. Зеро, бу корхонада ишлаб чиқарилган кийим-кечаклар нафақат вилоятимиз, балки мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудларида, қолаверса, қўшни республикаларда ҳам машҳур ва харидоргир.
– Ишни йўлга қўйиб олган тадбиркорларга, бир талай ишчилар меҳнат қилаётган корхоналарга ҳавас қилардим. Ҳавас, яхши ниятга албатта етасан, деганлари рост экан. Бугун орзуимдагидек ишлаб чиқариш цехига эга бўлдим, – дейди жамият раҳбари Дилшодахон Усмонова. – Қаровсиз ётган ерни олиб, цех қурдик. Тикув дастгоҳлари, зарур анжомларни олиб келдик. Бугунгача мингдан ортиқ шогирдлар етиштирдим. Лекин шу билан тўхтаб қолганимиз йўқ. Янги ғоялар, янада улкан орзулар бир дам бўлсин тиним бермайди.
Жонкуяр ва ташаббускор раҳбарлик қиладиган корхонада ишлаш ҳам завқ беради кишига. Бу ерда қўли қўлига тегмай кийим бичиб-тикаётган ва дазмоллаётган хотин-қизлар юзида кўтаринки кайфият сезилиб турибди.
– Асосан эркаклар ва болалар учун трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарамиз. Корхонага ишга келганимга беш йил бўлди, – дейди чевар Маҳлиёхон Пирматова. – Яхши шароит ва маош, аҳил жамоа сабабли оз муддатда ўз ишимга киришиб кетдим. Ҳозир фарзандларимиз учун боғча-ясли ҳам очиб беришди, илҳақчилик йўқ, маза қилиб ишлаяпмиз.
Янгиликка интилувчан тадбиркор эндиликда матоларни ҳам ўз корхонасида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳаракатида.
– Ҳозир кийим-кечаклар учун матолар асосан Хитойдан келтирилади. Ўйлаб қарасам, ўзимизда хомашё бор, ишчи кучи ҳам етарли. Фақат дастгоҳлар келтирсак, бўлди, – дейди Дилшода опа. – Мутасаддиларнинг озгина мадади билан бу йил охиригача мато ишлаб чиқаришни бошламоқчимиз. Фермер хўжаликлари, текстил корхоналари билан биргаликда трикотаж кластерини йўлга қўйиш устида иш олиб боряпмиз. Натижада хорижга чиқиб кетаётган валюта тежалади, матолар ҳам тўлиқ табиий пахта хом ашёсидан тайёрланади. Корхонамизда қўшимча 60 та иш ўрни ҳам яратилади.
Корхона маҳсулотлари асосан қўшни Қирғизистонга экспорт қилинади. Жорий йилда 30 минг долларлик экспорт амалга оширилган бўлиб, яна 150 минг долларлик экспорт шартномаси имзоланган.
[gallery-2189]
Тадбиркорлар учун пиллапоя
Данғара туманида “Таптиқсарой”, “Катта турк”, “Чинобод”, “Қизил мушт”, “Истиқлол” кичик саноат зоналари ташкил этилган.
“Чинобод” кичик саноат зонасида қурилиш ишлари қизғин давом этмоқда. Салкам 13 гектарлик ҳудуднинг 3,9 гектари ёш тадбиркорлар учун ажратилган. Бугунги кунгача 23 миллион долларлик 47 та лойиҳа ташаббускорлари аниқланиб, ҳар бир тадбиркор учун мос ва хос бинолар қурилиши бошланиб кетган.
Аҳамиятлиси, “Хомашёдан – тайёр маҳсулотгача” тамойилига асосан, бу ерда пахтани қайта ишлаш, чигитдан пахта мойи ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича “Musavar tex” кластер корхонаси учун 5,7 гектар ер майдони мўлжалланган. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалик аппаратуралари ишлаб чиқариш, ип-калава, тўқимачилик корхоналари фаолиятини йўлга қўйиш ҳам режалаштирилган.
– Йил охиригача барча қурилиш ишларини якунлаш ниятидамиз, – дейди Кичик саноат зоналарини бошқариш бўйича ягона дирекция туман бўлими мутахассиси Акмалжон Султонов. – Сув, электр, газ, канализация сингари зарур муҳандислик-техник коммуникациялар ва инфратузилмалар жорий этилгач, бу ерда 2,5 мингта иш ўрни яратилади. Биринчи навбатда, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” рўйхатига киритилганларни ишга жалб этишни кўзлаганмиз.
У билан суҳбатимиз узоқ чўзилмади. Сабабки, бу ерга туман ҳокими бир нечта ёш тадбиркорларни эргаштириб келиб қолди. Четдан кузатиб турибмиз: кўзи ёниб турган тадбиркор йигитлар ҳокимга ўз фикрларини тушунтиришар, ора-ора берилаётган саволларга дарҳол жавоб беришарди.
– Лойиҳам автосаноатга алоқадор. Автомобиль эҳтиёт қисмлари, бутловчи материаллар ишлаб чиқариш. Бу маҳсулотларни маҳаллийлаштириш орқали валюта тежалишига, доимий иш ўринлари яратилишига эришмоқчиман, – дейди йигитлардан бири Ойбек Умаров. – Раҳбарларга раҳмат. Мана, ҳозир лойиҳадаги менга ажратилган биноларнинг жойлашиши бўйича ўзгартириш киритдик.
Қўли қўлига тегмай ишлаётган қурувчиларнинг кайфияти чоғ. Кимдир ғишт тераётган, кимдир мих қоқиш, пайвандлаш билан банд...
Жорий йилнинг биринчи чораги давомида туманда 2425 минг АҚШ долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди. Экспорт маҳсулотларининг асосий қисми ип-калава, трикотаж, хўжалик моллари, электротехника ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан иборат. 2021-2022 йилларда 30 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Бунинг учун 255,3 миллиард сўм ўзлаштирилади. Гап рақамларда эмас. Бу каби эзгу ишлар натижасида минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда, аҳоли фаровонлиги юксалмоқда.
Маъсуджон Сулаймонов,
ЎзА