Якунланган 2023 йил мамлакат бўйлаб кенг қулоч ёзган хайрли ташаббус “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонлари асосида амалга оширилган ишлар билан ҳам ёдда қолди.
Президентимиз топшириғи асосида 2023 йилда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги оғир иқтисодий-ижтимоий аҳволдаги, “қизил” тоифадаги маҳаллаларда кенг кўламдаги ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Президент Администрацияси, Халқ қабулхоналари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, тижорат банклари масъул ходимлари, вилоят сектор раҳбарлари ҳамда ҳудудий ҳокимликлар билан бирга олиб борилган ишлар натижасида йиллар давомида йиғилиб қолган кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммоларга ечим топилди.
Аниқ рақамлар асосида айтадиган бўлсак, 2023 йилда “Обод хонадон” мезонлари асосида уй-жойи таъмирга муҳтож ва ўта оғир шароитда яшаётган оилаларнинг 4 632 та турар жойлари таъмирлаб берилган бўлса, “Обод кўча” мезонлари асосида 675 та кўчада асфальтлаш, шағаллашириш ва бетонлаш ишлари амалга оширилди. 41 357 м2 пиёдалар йўлаги (тротуар) барпо этилди. 271 км ичимлик суви тармоғи тортилди, 17 км тармоқ эса таъмирланди. 24 та янги ичимлик суви иншооти ўрнатилди, 33 тасида таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Ана шундай тизимли ишларнинг натижасида юртдошларимизни ўзоқ йиллардан бери ўйлантириб келаётган энг бирламчи ҳаётий эҳтиёжлари ҳал этилди.
Бу жараёнлар кўп қаватли уйларни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Кўп қаватли 31 та уйнинг 8 514 м2 том қисми, 89 тасининг кириш йўлаклари таъмирланди. Қиш кунлари аҳолини ташвишга солган энергия манбаалари билан боғлиқ масалалар ҳам ўз ечимини топди. Жами 245 км янги электр тармоғи тортилди, 74 та янги трансформатор ўрнатилиб, 213 таси таъмирланди. Муддати ўтган 5 994 та симёғочлар бетон устунларга алмаштирилди. Шу билан бирга 2 579 та янги қўшимча бетон устунлар, 3 464 дона ёритиш мосламалари ўрнатилди. 712 та газ тақсимлаш пункти, 181 км газ тармоғи таъмирланди, олис чекка ҳудудлардаги аҳоли учун 12 676 та суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/4ukS5zo2G34" title="“Obod xonadon – obod koʻcha – obod mahalla” mezonlari amalda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Обод гўшалар кўпаяр экан, биринчи навбатда маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва унинг жамоаси учун муносиб шароитлар ҳозирланди. Бугунгача “Обод маҳалла” мезонлари асосида 398 та объект фойдаланишга топширилди. Шу жумладан, 52 та марказий кўча, 53 та маҳалла фуқаролар йиғини бинолари, 28 та мактаб, 17 та мактабгача таълим ташкилоти, 19 та оилавий шифокорлик пунктлари, поликлиникалар, 19 та аҳоли дам олиш масканлари барпо этилди. Шу билан бирга аҳолини иш билан таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида 10 та касбга ўқитиш масканлари, 101 та маиший хизмат кўрсатиш, савдо иншоотлари тадбиркорлик субъектлари ва ишсиз аҳоли ихтиёрига топширилди.
Маҳаллалардаги ободонлаштириш ишлари билан бир қаторда бандлик масаласига ҳам алоҳида урғу берилди. Оғир маҳаллалардаги 6 118 нафар аҳолининг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилди. Жумладан, 1 729 нафарининг ўзини-ўзи банд қилишга кўмаклашилди, 641 нафарига касб-ҳунар ўрганиши учун ўқишга йўналтирилган бўлса, 475 нафарининг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишига ёрдамлашилди. Субсидия асосида ишсиз инсонларнинг 411 нафарига тикув машинаси, 179 нафарига иш анжомлари олиб берилди. 1000 нафардан зиёд фуқаронинг 18 млрд 551 млн сўмлик кредит маблағлари олишига кўмаклашилди. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”даги 2 289 нафар фуқарога 4 млрд 880 млн сўмлик турли ёрдамлар кўрсатилди.
Шунинигдек, аҳоли саломатлигини текширувдан ўтказиш, касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш бўйича 128 462 нафар шахс тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 1093 нафарига даволаниш учун ордер топширилди. Эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган аҳоли вакилларига сиҳатгохларга йўлланмалар берилди, ногиронлиги бор, имконияти чекланган юртдошларимизга ногиронлик аравачаси, протез-ортопедия воситалари, бепул дори-дармон воситалари тарқатилди.
Ободлик кўнгилдан бошланади. Бу сўзларнинг исботини кейинги йилларда оддий одамларнинг ҳаётидаги ўзгаришларда кўришимиз мумкин. Янгиланишлар ҳар бир хонадонига фаровонлик олиб киряпти. “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезони республикамизнинг энг олис ҳудудларигача кириб бориб, дастлаб август ойида мамлакатимиздаги 14 та маҳаллада қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилган бўлса, айни шу тажриба асосида сентябрь-декабрь ойларида яна 56 та маҳалла янги қиёфа касб этди.
Санжар Тошпўлатов, Аброр Содиқов (видео), ЎзА