Обод қишлоқлар – мамлакатимиз кўрки
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида"ги қарори юртимиз ободлиги, халқимиз фаровонлигининг янада ошишига хизмат қилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида"ги қарори юртимиз ободлиги, халқимиз фаровонлигининг янада ошишига хизмат қиладиВатан остонадан бошланади. Ўз уйим – ўлан тўшагим. Халқимизнинг бундай нақлларида ҳикмат кўп. Дарҳақиқат, оиламиз, ўз уйимиз, яшаш масканимиз Ватан ичра мўъжаз ватан ҳисобланади. Уй-жойларимиз, хонадонларимиз қанчалик шинам, гўзал бўлса, маҳалламиз, шаҳару қишлоқларимиз, юртимиз шунчалик кўркам ва файзли бўлади. Турмуши фаровон, замонавий уй-жойли оилаларнинг ишида унум, ҳаётга иштиёқи баланд, келажакка ишончи мустаҳкам бўлади.
Ҳақиқий халқпарварлик тамойиллари асосида қабул қилинган мазкур қарор қишлоқ аҳолисининг кенг қатлами учун замонавий ва шинам уйлардан, ер ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга, қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини янада ривожлантиришга йўналтирилгандир.
Қишлоқ аҳолиси ҳаётини янада яхшилаш мақсадида қишлоқларимизнинг архитектура нуқтаи назаридан режалаштирилишини ташкил этиш, уларда уй-жой ва ижтимоий объектлар қурилишини лойиҳалаштириш тизими бўйича мамлакатимизда бой тажриба тўпланган. Мазкур қарор бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Қарорда беш йиллик даврга мўлжалланган қишлоқ жойларда арзон уйлар қуришнинг кўламли дастурини амалга ошириш назарда тутилган. Дастурга асос қилиб олинган янгиланган намунавий лойиҳаларда қишлоқ аҳолисининг талаб ва эҳтиёжлари тўлиқ инобатга олинади.
2017 йилда 2 триллион 121,5 миллиард сўм йўналтирилиши кўзда тутилган мазкур лойиҳа қишлоқларни янада ободонлаштириш ва аҳолининг ҳаёт даражасини тубдан оширишнинг асосий омилларидан бири бўлади. Қарорда аҳолига қишлоқ жойларда нарх параметрлари ва шинамлилигига кўра якка тартибдаги уй-жойлар намуналарининг учта энг арзон турлари таклиф этилмоқда.
Биринчи тури бўйича уч ёки тўрт йўлакли, хўжалик иморатлари ва обод ҳовлилари бўлган икки ва уч қаватли кўп квартирали уйлар барпо этиш назарда тутилган бўлса, иккинчи турига мувофиқ аҳоли зич жойлашган туманларда 2 сотих майдондаги ер участкасида барпо этиладиган бир қаватли икки ва уч хонали арзон уйлар қуриш мўлжалланмоқда. Учинчи тури 4 сотих майдондаги ер участкасида барпо этиладиган ягона блокка бирлаштирилган икки қаватли тўрт хонали уйлар қуришни назарда тутади.
Дарҳақиқат, одамларимиз ўз уйи, ўз юртини гўзал ва обод қилиб, шундан ўзи мамнун бўлиб яшаётгани шаҳар ва қишлоқларимизнинг бугунги тароватида яққол намоён бўлмоқда. Айниқса, кейинги йилларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида янги пайдо бўлган кўркам ва чиройли, ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик, файз ва барака ҳукмрон аҳоли манзиллари мана шундай олижаноб мақсадларнинг амалдаги ифодаси бўлмоқда.
Бу улуғ бунёдкорликлар куч-ғайрат, ақл-салоҳият ва жасорат билан бардавом бўлмоқда. Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи, Республика Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг тавсиясига биноан яна бир катта лойиҳага қўл урилди. Бу Тошкентнинг Сергели туманида 2017-2022 йилларда 500 кўп қаватли уй бунёд этишни назарда тутган лойиҳа ишлаб чиқилганидир. Қарийб 30 минг оилага мўлжалланган янги уй-жойлар аҳолига имтиёзли ипотека кредити орқали берилади.
Мустақилликка эришганимиздан кейин Биринчи Президентимиз раҳнамолигида қишлоқларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш сиёсати изчил амалга оширила бошланди. Ислом Каримовнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 16 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида 2009 йилни “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили” деб эълон қилишни, шу муносабат билан қишлоқ жойлардаги инфратузилма тармоқларини – бу уй-жой қурилиши бўладими, табиий газ, тоза ичимлик суви, электр энергияси таъминоти бўладими, йўлларнинг ҳолати, транспорт ва коммуникация хизматлари масаласи бўладими – буларнинг барчасини янада ривожлантириш, бир сўз билан айтганда, қишлоқ ҳаётининг савияси ва маданиятини янги поғонага кўтаришга устувор аҳамият сифатида эътибор қаратилган эди.
Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози авжига чиққан ва кўплаб ривожланган давлатларда иқтисодий пасайиш кузатилаётган бир пайтда мамлакатимиз иқтисодий тараққиётида олдинга силжиш давом этди. Давлатимиз раҳбарининг нутқидаги сўзлар амалда ўз исботини топди. Биринчи Президентимизнинг 2009 йил 3 августдаги “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ўша йили ҳудудларда 42 қишлоқ массивлари танлаб олинди ва 847 якка тартибдаги уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди.
– Бир умр мана шу қишлоқда, бобом қуриб кетган уйда яшадик, – дейди фарғоналик Нишонбой ота Бобораҳимов. – Уйни қайта қуриш учун маблағ йўқ. Таъмирлайвериб эсимиз кетди. Қишлоқларда ҳар тарафлама қулай ва замонавий уйларни қурилиши, кредит асосида берилиши хаёлимизга ҳам келмаган. Ҳеч эсимдан чиқмайди. Бир куни қизим ҳаяжон билан кириб келди. Маҳалламизда янги уй қурилаётгани, ундан кредит асосида олишимиз мумкинлигини айтганида, дастлаб ишонмадим, ҳатто қарши бўлдим. Бизнинг ёшлигимизда банк кредити, унинг аҳоли фаровонлиги йўлида имтиёзлар асосида берилиши, деган гаплар эртак эди. Болаларим ҳам намунавий уй-жойдан олган. Энди бу уйларга талабгор кўп.
Аҳолининг шинам уй-жойларга бўлган талаб-эҳтиёжлари ўрганиб чиқилар экан, бу лойиҳаларни қишлоқ жойларда жадал ривожлантириш, уй-жой қурилиши учун имтиёзли узоқ муддатли кредит бериш тизими кенг жорий этилиши ўз самарасини бермоқда. Нишонбой ота айтганидек, йил ўтган сари одамларда бу уйларга талаб ортиб бораётир. Аҳоли эҳтиёжини инобатга олиб уларни уй-жой билан таъминлаш ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида барча вилоятларда уй-жой қуриш ишлари жадал давом эттирилди.
Бундан ташқари янги массивларда сув, газ, электр тармоқлари таъминоти, янги йўллар, мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, коллежлар барпо этилмоқда.
– Ўтган кунларни эслаш оғир, – дейди сурхондарёлик Абдумурод Пардаев. – Ўйлаб кўрсам, даладан бери келмаган эканман. Бир уйда ота-онам ва тўрт ака-ука яшардик, кенжасиман. Акаларимнинг бирида учта, иккитасида иккитадан фарзанди бор. Бўйим етиб, уйланадиган бўлдим. Ҳамма нарса тайёр, бир ҳафтада келин келиши керак, уй йўқ, аниқроғи хона йўқ. Ота-онам ҳовли этагига ўтов қуриб кўчиб чиқди. Бир қиш ўша ерда яшади. Эсласам йиғлагим келади. Мустақиллик йиллари акаларимга ер берилди. Уй қурди, тўйлар қилди.
Биринчи Президентимизнинг аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича бир қанча фармон ва қарорлари эълон қилиниб, ижроси изчил таъминланмоқда. Аҳоли эҳтиёж ва талаблари инобатга олиниб янгиланиб бораётган мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг "2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида"ги қарорида янада такомиллаштирилди.
Бошқача айтганда, янги дастур бўйича дастлабки бадал биринчи ва иккинчи турдаги уйлар учун 15 фоиз қилиб белгиланган.
Ўзининг нарх параметрлари, сифат тавсифлари ва шинамлилиги бўйича Марказий Осиёда ўхшаши йўқлиги эътироф этилаётган уйлар ипотека кредити асосида уч йиллик имтиёзли давр ва биринчи 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз миқдоридаги фоиз ставкаси билан 15 йил муддатга берилади.
Ҳаёт бир жойда турмайди. Бундан етти аср илгари “Агар бизнинг қуч-қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурган иморатларга боқинг”, дея эзгу ишларга даъват этган Амир Темур бобомизнинг бунёдкорлик ғоялари бугун изчил давом эттирилмоқда.