ОАВ: Сурияда беш нафар турк аскари ҳалок бўлди
Туркия кузатув пунктларининг Сурия ҳукумат армияси томонидан замбараклардан ўққа тутилиши оқибатида беш нафар турк аскари ҳалок бўлди ва яна беш нафари жароҳат олди.
Туркия кузатув пунктларининг Сурия ҳукумат армияси томонидан замбараклардан ўққа тутилиши оқибатида беш нафар турк аскари ҳалок бўлди ва яна беш нафари жароҳат олди.
Бу ҳақда НТВ канали Туркия Мудофаа вазирлиги маълумотига таянган ҳолда ахборот бермоқда.
“Идлиб туманида Сурия режими томонидан замбараклардан ўт очиш туфайли беш нафар аскаримиз ҳалок бўлди, яна беш нафари жароҳат олди”, — дейилади мамлакат Мудофаа вазирлигининг баёнотида.
Учинчи февралда ҳам Сурия армиясининг замбараклардан ўққа тутиши оқибатида Идлиб туманида саккиз нафар туркиялик ҳарбий ва тинч аҳоли ҳалок бўлган эди. Ўшанда Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғон қарши ҳужум оқибатида 76 нафар суриялик аскар қурбон бўлгани ҳақда баёнот берди.
Эрдўғон бундан аввал россиялик ҳамкасби Владимир Путинга Сурия армияси Идлибга ҳужумни тўхтатиши ва турк аскарлари турган позицияларни ўққа тутишни бас қилиш учун Башар Асадга босим ўтказишни сўраб мурожаат қилганди.